Пойтахтда очиқ оловда таом тайёрлайдиган овқатланиш объектлари устидан назорат кучайтирилди

19.02.2026 | 20:452 дақиқа

Қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаган овқатланиш нуқталари вақтинча ёпилади.

Пойтахтда очиқ оловда таом тайёрлайдиган овқатланиш объектлари устидан назорат кучайтирилди © Foto: t.me/poytaxt_uz

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда очиқ оловда таом тайёрлайдиган умумий овқатланиш объектлари устидан назорат кучайтирилганини маълум қилди. Тозалаш ва самарали тутун чиқариш тизимисиз фаолият юритаётган сомса, кабоб ва мангал шохобчалари қонун талабларига мослаштирилгунга қадар вақтинча тўхтатилади.

Маълумотга кўра, санитария ва экологик талабларга риоя қилмаган ҳолда ишлаётган нуқталарга нисбатан текширувлар ўтказилмоқда. Назорат тадбирлари давомида пиёдалар ҳудудларида ва турар-жой бинолари яқинида тандир, печь ёки мангал ўрнатган объектлар аниқланган.

Муҳандислик ечимлари, чиқиндиларни тозалаш ҳамда тутунни филтрлаш тизимисиз ишлаш аҳоли саломатлигига хавф туғдириши таъкидланмоқда. Бундай ҳолат шаҳар муҳити сифатининг ёмонлашувига ва фуқаролар эътирозларининг ортишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Ҳокимлик тадбиркорларга фаолиятни қисқа муддатда қонунийлаштириш, санитария меъёрларига қатъий амал қилиш, замонавий фильтр ва самарали тутун чиқариш ускуналарини ўрнатишни тавсия қилди. Шунингдек, технологик жараёнларни экологик стандартларга мувофиқлаштириш зарурлиги урғуланди.

Назорат ишлари изчил давом эттирилади ва қоидабузарликлар аниқланган тақдирда тегишли чоралар кўрилади.

Фуқаролар шикоят ёки мурожаатларини санитария-эпидемиология хизмати бошқармасининг ишонч телефони ёки махсус телеграм бот орқали юборишлари мумкин.

Ишонч телефони: (71) 248-12-43

Мурожаат учун Телеграм-бот: @sanepidmurojaatbot

Туман бўлимларининг ишонч телефонлари:

• Бектемир — 71 295-02-50;

• Яккасарой — 71 254-64-26;

• Миробод — 71 283-36-21;

• Юнусобод — 71 221-77-40;

• Яшнобод — 71 289-77-31;

• Олмазор — 71 246-62-17;

• Шайхонтоҳур — 71 244-21-84;

• М. Улуғбек — 71 269-75-25;

• Сергели — 71 258-33-80;

• Учтепа — 71 217-22-85;

• Чилонзор — 71 278-50-78;

• Янгиҳаёт — 55 517-17-15.

Аввалроқ Яшнободдаги савдо мажмуасида юз берган ёнғин ҳолатидан кейин Тошкентдаги бошқа савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида ёнғин хавфсизлик талаблари кучайтирилгани маълум қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид