Logo

Пойтахтдаги Қатортол кўчаси ва бозори атрофидаги ноқонуний қурилмалар бузилмоқда

Суд қарори билан бузилаётганлар орасида «Номдор» тамаддихонаси ҳам бор. Ишсиз қолаётган ходимларни иш билан таъминлашда ҳокимлик томонидан амалий ёрдам берилиши айтилган.

Пойтахтдаги Қатортол кўчаси ва бозори атрофидаги ноқонуний қурилмалар бузилмоқда © Foto: Chilonzor tumani hokimligi

Тошкентнинг Қатортол кўчаси ва бозори атрофидаги ноқонуний қурилмалар бузилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳокимликка кўра, илгари бу тирбанд ҳудудда пиёдаларнинг хавфсиз юриши деярли имконсиз эди. Энди эса ушбу пиёдалар йўлаги тўлиқ аҳоли ихтиёрига берилмоқда.

«Ноқонуний қурилмалар туфайли одамлар кўпинча йўлнинг қатнов қисмига чиқишга мажбур бўлар эди. Асосий эътибор жамоат жойларини ноқонуний қурилмалардан тозалаш, ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда хавфсиз шаҳар муҳитини яратишга қаратилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, «Номдор» тамаддихонаси ҳам суд қарори билан бузилмоқда. Чилонзор тумани ҳокимлигининг ёзишича, кўчада жойлашган ушбу умумий овқатланиш шохобчаси ҳам рухсатномасиз қурилгани боис тадбиркор огоҳлантирилган эди. Фаолият тўхтатилмагач, ҳокимлик томонидан судга даъво аризаси киритилган.

«Суд қарорига кўра, объект ноқонуний деб топилди ва айни пайтда бино бузилмоқда», — дея ёзади туман ҳокимлиги.

Таъкидланишича, тамаддихона эгасига қонун доирасида бошқа жойда ўз фаолиятини ташкил қилиши мумкинлиги тушунтирилган. Шунингдек, ишсиз қолаётган ходимларни иш билан таъминлашда ҳокимлик томонидан амалий ёрдам берилиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда реновация учун «квартиралар банки» ташкил этилиши ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Пойтахтдаги Қатортол кўчаси ва бозори атрофидаги ноқонуний қурилмалар бузилмоқда | Vaqt.uz