Президент: Бундай камчиликлар одамларни давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда

Президент мурожаатлар ижтимоий тармоқларда тарқалгандан кейингина кўриб чиқилётганини танқид қилди.

Президент: Бундай камчиликлар одамларни давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда

Ўзбекистонда ҳар ўн минг аҳолига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Охирги йилларда Халқ қабулхоналарига ҳокимларнинг ўзи раҳбар этиб тайинланган. Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида раҳбарлар мурожаатлар билан шахсан шуғуллангани натижасида мурожаатлар сони 25–30 фоизга камайгани, аҳоли кўтарган масалаларнинг 60–70 фоизи ижобий ҳал этилаётгани маълум қилинди.

Бироқ бошқа ҳудудларда бу тизим етарлича самара бермаётгани қайд этилди. Масалан, Тошкент шаҳрида 170 минг ва Тошкент вилоятида 110 минг мурожаатнинг ярмидан кўпи ҳал этилмаган. Сурхондарё, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида такрорий мурожаатлар сони ҳам кўпайган.

Масалан, фуқаро январ ойида мактаб ўқувчиси Сергелидан оқиб ўтадиган “Жўнариқ” каналига тушиб кетганини айтиб, бузилган кўприкни қайта тиклашни сўраган. Бу масалага икки ой давомида бирорта масъул эътибор қаратмаган, мурожаатга юзаки жавоб берилган. Ҳолат ижтимоий тармоқда тарқалганидан кейингина маблағ ҳам топилган, кўприк ҳам қурилган.

Президент бундай ҳолатлар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатишини таъкидламоқда.

Сергелида нима бўлган эди?

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги маҳалладан оқиб ўтувчи канал устидаги кўприк олиб ташлангани сабабли болалар мактабга қатнаш учун канал устидаги қувур (труба)дан ўтаётгани акс этган видео тарқалганди. Хабарларда қайд этилишича, икки ой олдин эски кўприк бузиб ташланган.

Хабарлар тармоқларда муҳокама қилингач, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан ушбу ҳудудда кўприк қурилиши учун 1 млрд 860 млн сўм пул ажратилган.

«Тошкент шаҳар ҳокимининг каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосарининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Юқори Дархон маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи Жўн канали устидан ўтган кўприкни қайта қуриш ишлари учун талаб этилаётган 1 860,0 млн (бир миллиард саккиз юз олтмиш миллион) сўм маблағни ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин», – дейилади шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов имзолаган ҳужжатда.

Шаҳар ҳокимлигининг матбуот котиби Гулноза Қосимованинг VAQT.UZʼга маълум қилишича, канал устидан ўтган қувур ўз жойида қолади, қувурдан тахминан 50 метр масофада кўприк қурилади. Янги кўприкдан машиналар ҳам, одамлар ҳам ўта олади. Аввалги кўприк ҳашар усулида қурилган ва авариявий ҳолатда бўлган.

Теглар

Мавзуга оид