
Президент фармони билан 615 нафар маҳкум афв этилди
Конституция куни муносабати билан қабул қилинган афв этиш бўйича фармонга мувофиқ кўплаб маҳкумлар афв этилди.

Ўзбекистон президенти Конституция қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Конституциянинг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ва қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 615 нафар шахс афв этилди. Улар орасида жазони ўташ шартлари ва тузалиш йўлидаги ҳаракатлари инобатга олинган ҳолда турлича ҳуқуқий енгилликлар қўлланди.
Жумладан, 220 нафар шахс асосий жазодан тўлиқ озод қилинди. 123 нафар маҳкум шартли равишда муддатидан олдин озод этилди. 97 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ турдаги жазо билан алмаштирилди. Шу билан бирга, 175 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганлар таркиби турли тоифаларни қамраб олган бўлиб, улар орасида 9 нафар чет эл фуқароси, 29 нафар аёл, 60 ёшдан ошган 23 нафар эркак, 264 нафар ёш, жумладан 2 нафар вояга етмаган шахс бор. Шунингдек, 9 нафар тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган шахс ҳам афв қилинди.
Фармон ижроси доирасида афв этилганларни оиласи бағрига қайтариш, жамиятга мослашишлари ва фойдали меҳнат билан шуғулланишларига кўмаклашиш бўйича мутасадди идораларга тегишли топшириқлар берилди.





