
Президент Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди
Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи давомида янгидан қурилган Имом Бухорий мажмуасини кўздан кечирди.

30 октабр куни Президент Шавкат Мирзиёев UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси очилишида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф доирасида анъанага кўра, давлат раҳбари Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.
Президент мажмуада олиб борилган сўнгги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Давлат раҳбари ташаббуси билан мажмуа тубдан қайта қурилиб, у буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ислом оламидаги нуфузига муносиб равишда янгидан барпо этилди. Зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилди.
Мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, умумий майдони 44 гектарга етди. Унда 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, маъмурият бинолари, музей ҳамда кириш ва чиқиш айвонлари қуриб битказилди. Зиёратгоҳнинг тўрт бурчагидаги 75 метрлик минорлар унга янада салобат бағишлаган.
Давлат раҳбари янги масжиддаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Шунингдек, мажмуа таркибида инновацион музей ҳам ташкил этилди. Унда Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий мероси ва ҳадис илмига қўшган улкан ҳиссаси ҳақидаги экспозициялар жой олган. Шунингдек, Қуръони каримда тилга олинган 25 пайғамбар тарихи, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ҳадисларнинг ёзилишига оид маълумотлар ҳам намоён этилган.
Мажмуа атрофида бир тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли ва 22 та оилавий уй меҳмонхоналари қурилиб, хизмат кўрсатиш инфратузилмалари якунланиш арафасида. Президент мажмуа фаолиятини самарали йўлга қўйиш, зиёратчилар учун қулайликларни кенгайтириш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Ташриф якунида давлат раҳбари мажмуа ҳудудига дарахт кўчатлари ўтқазди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрида 30 октябрдан 14 ноябргача UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилади. Бу сессия 40 йил ичида илк марта Париждан таўқарида ўтказилмоқда.





