add

Президент Жиззахдаги АЭС учун қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш ва соҳа кадрлари тайёрлаш режалари билан танишди

02.12.2025 | 13:133012 дақиқа

Шавкат Мирзиёев вилоятда амалга оширилаётган қатор лойиҳалар билан танишиб, тақдимотлар давомида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Президент Жиззахдаги АЭС учун қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш ва соҳа кадрлари тайёрлаш режалари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 2 декабр куни Жиззах вилоятига ташриф буюриб, дастлаб йўл инфратузилмасида а амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Жиззах вилояти марказини М-39 халқаро автомобил йўлига боғлаш мақсадида қарийб 290 миллиард сўм ҳисобидан 700 метрлик йўл ўтказгич ва 4 километрлик янги автомобил йўли қурилди. Ушбу йўл ҳар куни 14 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга.

Айни пайтда Жиззах вилоятида интеграциялашган – иккита кам қувватли реактор ва иккита катта реактордан иборат атом электр станциясини барпо этиш бошланган. Ҳозирги босқичда реактор биноси учун котлован қазиш ишлари фаол паллага кирган. Қурилиш-монтаж базаси учун ер текислаш, бетонлаш, арматура ўрнатиш ишлари бажарилмоқда. Қурувчилар яшаши учун вақтинчалик турар-жой мажмуаси барпо этилган.

Таъкидланишича, атом электр станцияси учун зарур қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш, олийгоҳларда соҳа учун кадрлар тайёрлашни кенгайтириш режалари тақдимот қилинди.

Мазкур электр станцияда меҳнат қиладиган мутахассислар ва уларнинг оилалари учун моношаҳарча қуриш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Шаҳарча АЭСдан 16 километр узоқликда жойлашган, 10 минг кишига мўлжалланган бўлади, унда барча зарур инфратузилма, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари кўзда тутилади.

Президент Жиззах шаҳрига кириш қисмини замонавий қиёфага келтириш бўйича мастер-режа ва реновация лойиҳалари тақдимоти билан ҳам танишди. Реновация дастури асосида Жиззахда эски уй-жойлар ўрнида замонавий, қулай ва хавфсиз турар-жойлар барпо этилиши режалаштирилган.

– Жиззахга келишимиздан мақсад – вилоятнинг янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва рўёбга чиқариш. Бугунги Жиззах – кечаги Жиззах эмас. Вилоятнинг салоҳияти, имконияти каррасига ошди, одамларнинг ҳаётга, ишга муносабати тубдан ўзгарди. Шу имкониятларни аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган аниқ лойиҳаларга айлантиришимиз керак, – деди президент.

Тақдимотлар давомида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Теглар

Мавзуга оид