Президент ЖСТга аъзоликни 2026 йилда якунлашни топширди
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлақонли аъзолигини расмийлаштириш бўйича комплекс ишларни сифатли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
© prezident.uz6 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ва ушбу жараённи жадаллаштириш бўйича 2026 йилдаги вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унда жараённи жадаллаштириш ва тўлақонли аъзоликни расмийлаштириш бўйича комплекс чоралар муҳокама қилинди.
Музокаралар натижаси
2025 йилда кўп ва икки томонлама музокараларда салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, ишчи гуруҳнинг икки йиғилиши ўтказилиб, 200 дан ортиқ саволларга жавоб берилди ва 30 дан зиёд ташқи савдо ҳужжатлари тақдим этилди.
Шу билан бирга, 40 дан ортиқ музокаралар раунди ўтказилиб, 11 та давлат билан келишувлар якунланди. Натижада музокаралари тугалланган давлатлар сони 33 тага етди.
Ислоҳотлар тезлашди
Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш доирасидаги ислоҳотлар ЖСТ аъзолари томонидан ижобий баҳоланмоқда. 2025 йилда 68 та қонунчилик ҳужжати халқаро меъёрларга мувофиқлаштирилди.
Жумладан, интеллектуал мулкни рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилди, экспорт чекловлари бекор қилинди ва шаффоф экспорт божлари жорий этилди. Айрим маҳсулотлар учун минимал экспорт нархларини белгилаш амалиёти тугатилди.
Техник тўсиқлар қисқартирилди
Савдодаги техник тўсиқларни камайтириш ва санитария ҳамда фитосанитария соҳасидаги ислоҳотлар амалга оширилди. Хавфи юқори маҳсулотлар учун бюрократик рўйхатдан ўтказиш ўрнига сертификатлаштириш тизими жорий этилди.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги устидан назорат тегишли идорага ўтказилди, 14 та техник регламент бекор қилинди ва 747 та товар позицияси бўйича мажбурий сертификатлаштириш талаблари тугатилди. Бу рўйхат 27 фоизга қисқартирилди.
2026 йил вазифалари
Тақдимотда озиқ-овқат хавфсизлиги ва савдони ҳимоя қилиш бўйича янги қонунларни қабул қилиш, санитария, ветеринария ва карантин соҳаларида хавфларни таҳлил қилиш ва илмий асосланган тизимларни жорий этиш режалари кўриб чиқилди.
Президент жорий йилда ЖСТга тўлақонли аъзоликни расмийлаштириш бўйича барча чораларни сифатли амалга ошириш, қонунчиликни халқаро стандартларга тўлиқ мослаштириш ва музокараларни якунлаш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишдаги йўли
Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёни Ўзбекистонда 1994 йилда бошланган бўлиб, 1998 йилда махсус ишчи гуруҳ тузилган. Бироқ кейинги йилларда жараён секинлашиб, фақат 2020 йилдан бошлаб музокаралар яна жонланди ва босқичма-босқич фаоллашди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон қатор давлатлар билан муҳим келишувларга эришди. Хусусан, 2024 йилда Япония, Исроил, Доминикан Республикаси, АҚШ, Хитой ва Филиппин билан музокаралар якунланди. 2025 йилда эса Буюк Британия, Швейсария, Аргентина, Австралия, Ҳондурас, Канада, Панама, Эквадор ҳамда Европа Иттифоқи давлатлари билан бозорга кириш бўйича келишувлар имзоланди. Шунингдек, Россия билан икки томонлама музокаралар ҳам якунланди.
Бугунги кунда 33 мамлакатдан 31 таси билан протоколлар имзоланган бўлиб, музокараларни фақат Тайван (Хитой Тайпейи) билан якунлаш қолган. Ўзбекистон 2026 йилда ўтказиладиган вазирлар конференциясига қадар ЖСТга тўлақонли аъзо бўлишни мақсад қилмоқда.





