Президент очган йўлларни кимлар «тўсмоқда» ёхуд блогер божхона постларидаги эски муаммолар ҳақида

Бугун 14:553 дақиқа

Обиджон Латиповнинг таъкидлашича, Президент томонидан туризм ва эркин ҳаракатланиш учун яратилаётган кенг имкониятларга қарамай, божхона тизимидаги эскича ишлаш усули, соатлаб чўзиладиган сунъий навбатлар ва ходимларнинг нопрофессионал муомаласи оддий фуқароларни ҳамон сарсон қилмоқда.

Президент очган йўлларни кимлар «тўсмоқда» ёхуд блогер божхона постларидаги эски муаммолар ҳақида © Фото: Kun.uz



Блогер Обиджон Латипов ўзининг «Facebook» саҳифасида мамлакат божхона постларида фуқаролар учун ҳали ҳам қатор муаммолар, жумладан, узун навбатлар, нотўғри ташкилий ишлар ва ходимларнинг нопрофессионал муомаласи сақланиб қолаётганини ҳақида ёзди. Ҳолат юзасидан Божхона қўмитаси матбуот котиби муносабат билдириб, чегарадаги реал вазият танқидлардагидек эмаслигини таъкидлади.

Блогернинг эътирозлари ва чегарадаги сарсонгарчиликлар

Латиповнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда фуқароларнинг саёҳат қилиши ва туризмни ривожлантириш учун кенг имкониятлар очилаётганига қарамай, божхона соҳаси бу ўзгаришларга мослаша олмаган. Блогер Тошкент-Олмаота йўналишидаги автобус қатнови вақтида Ўзбекистон чегарасидаги транзит зонасида йўловчилар, жумладан, ёшлар, қариялар ва ҳомиладор аёллар ёмғирли ва совуқ об-ҳавода соатлаб тик оёқда куттирилганини билдирган. Хабарда айтилишича, айнан шу автобус ва йўловчиларни Қозоғистон томони 15 дақиқада ўтказиб юборган.

Шунингдек, муаллиф икки йил аввал шахсий автомобилида Чимкентдан қайтишда чегарада 10 соат қолиб кетганини ва бу узун навбатлар иш нотўғри ташкил этилгани туфайли юзага келганини таъкидлаган. Блогернинг ёзишича, ушбу муаммо юзасидан Божхона қўмитаси раҳбариятига чиқишга уринган, аммо узоқ давом этган навбатлар «Навоий» постининг таъмирланаётгани билан изоҳланган. Яқинда таъмирдан чиққан ушбу «Навоий» постида вазият ўрнганилганда, ҳолат ўзгармагани ва ҳанузгача соатлаб навбат кутилаётгани маълум қилинган.

«Божхоначиларнинг малака ва савияси, муомаласи, ҳуқуқий саводхонлиги, дунёқараши қотиб қолгани ачинарли. Адолат юзасидан айтиб кетиш керак, божхонада пиар зўр кетяпти, аммо асосий вазифалари бўлган халққа хизмат қилиш борасида бундай деб бўлмайди», — дея ёзади муаллиф. Шунингдек, блогер фуқароларга бақириш ва қўполлик қилишни профессионал вазифа деб биладиган ходимлар ўз ўрнига нолойиқ эканини қўшимча қилган.

Божхона қўмитасининг расмий муносабати

Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев блогернинг танқидларига жавоб қайтариб, чегара божхона постларидаги бугунги манзара у ўйлаган даражада эмаслигини айтди.

Қўмита вакилининг келтирган статистик маълумотларига кўра, 2017 йил давомида божхона чегараларини 20 миллион жисмоний шахс кесиб ўтган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 60 миллионни, 2026 йилнинг дастлабки 5 ойида эса 23 миллионни ташкил қилган.
Тангриевнинг изоҳлашича, автобус йўловчиларининг пастга туширилиши уларнинг чегара залларида паспорт назоратидан ўтишлари учун зарур жараёндир.

«Автобус ўзимизники деганингиз билан унда ноқонуний товар олиб ўтилмайди дегани эмас. Афсуски, автобусларда ҳам ноқонуний ва яширинча товар олиб ўтишга уринишлар аниқланмоқда», — дея қайд этган матбуот котиби.

Шунингдек, чегара ўтказиш пунктларида бир нечта хизмат ходимлари фаолият олиб бориши, йўловчилар эса кўпинча чегарачи (паспорт назорати) ва божхона ходимларини ўзаро адаштириб юбориши таъкидланган. Енгил автомашиналар учун божхонада яшил ва қизил йўлаклар ташкил қилингани ҳам маълум қилинган.

Тизим ходимларининг муомаласи ва шахсий кўрик масаласига тўхталар экан, матбуот котиби барча божхоначиларни ёппасига ҳақорат қилиш ноўрин эканини билдирган. Агар қайсидир ходим қўполлик қилган бўлса, факт ва далил билан мурожаат қилинган тақдирда у жазоланиши айтиб ўтилган.

«Ечинтириб текшириш, шахсий кўрик ўтказиш сиз пеш қилаётган даражада божхоначиларнинг қўлидаги 'кузир' эмас», — дея таъкидлаган Тангриев. Бундай кўрик ўтказиш учун ходим раҳбаридан рухсат олиши, шубҳа-гумонини асослаб бериши ҳамда бу амалиёт холислар иштирокида ўтказилиши шартлиги тушунтирилган. Қўшимча қилинишича, бу амалиёт умумий йўловчиларнинг 0,0001 фоизини ҳам ташкил қилмайди ва ёппасига ҳеч ким текширилмаётгани айтилган.

Муносабат якунида Ҳусан Тангриев блогернинг оғзини ёпиш нияти йўқлигини, аксинча, реал вазиятни ичкаридан кўрсатиш мақсадида унга эксклюзив тур ташкил қилишга тайёрлигини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид