Президент Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисини қийнаб келаётган бадбўй ҳид муаммосини бартараф этишни топширди
Мутасаддиларга 1-сентабргача оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий филтрлаш ускуналари ўрнатилиб, бу муаммони бартараф этиш топширилди.
© Foto: prezident.uz4-июл куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда сўнгги йилларда Сергели туманида амалга оширилган ўзгаришлар, инфратузилма лойиҳалари ва аҳоли сони ўсиши билан боғлиқ янги вазифалар муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари яқин вақтгача пойтахтнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Сергелида бугун иқтисодий ва ижтимоий муҳит сезиларли ўзгарганини таъкидлади. Сўнгги ўн йилда туманда 30 минг хонадонли янги уй-жойлар, умумий майдони 2 миллион квадрат метр бўлган саноат, савдо ва хизмат кўрсатиш обектлари қурилди.
Тадбиркорлар сони 2,5 мингтадан 6 минг 200 тага етди. Туман бюджети тушумлари эса 382 миллиард сўмдан 2,2 триллион сўмгача ошиб, 5,5 баробар ўсди.
Аҳоли сони кутилгандан кўп
Йиғилишда Сергелида инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳали ечимини кутаётган масалалар борлиги қайд этилди. Хусусан, транспорт, электр, сув ва канализация тармоқларини аҳоли ўсишига мослаштириш зарурлиги таъкидланди.
Аҳолини хатловдан ўтказиш натижаларига кўра, аввал туман аҳолиси 181 минг нафар деб юритилган бўлса, амалда Сергелида 236 мингга яқин одам истиқомат қилаётгани маълум бўлди.
Яқин йилларда бу кўрсаткич 300 минг нафардан ошиши кутилмоқда. Шу сабабли уй-жой, мактаб, боғча, поликлиника ва янги иш ўринларини кўпайтириш бўйича ҳозирдан режалар тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Тошкент вилоятидан Сергелига қўшилган 13 та маҳаллада ҳам инфратузилма муаммолари борлиги айтилди. Ушбу ҳудудларда ёритиш тизимини 10 кун ичида ишга тушириш ва йил якунигача канализация тармоғига тўлиқ улаш топширилди.
Бадбўй ҳид муаммосига ечим
Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисини қийнаб келаётган асосий муаммолардан бири — сув тозалаш иншооти атрофидаги бадбўй ҳид экани қайд этилди.
Президент мутасаддиларга 1 сентябргача оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий филтрлаш ускуналарини ўрнатиб, ушбу муаммони бартараф этиш бўйича топшириқ берди.
Шунингдек, келаси йилдан Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан Қуйи Чирчиқ туманида қуввати 300 минг куб метр бўлган янги сув тозалаш иншооти қурилиши бошланиши маълум қилинди. Бу Сергелидаги мавжуд иншоотга тушаётган юкламани камайтиради.
Инвестиция ва транспорт режалари
Бу йил Сергелини ривожлантириш учун бюджетдан 173 миллиард сўм, банклар орқали эса 2,2 триллион сўм ресурс ажратилган. Йил якунигача 60 та янги лойиҳа ҳисобидан яна 750 миллион доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, ер усти метро линияси остида савдо ва хизмат кўрсатиш обектлари ташкил этилади. Сергелида метронинг 8,5 километр қисмида шундай лойиҳалар амалга оширилиб, 137 та бизнес обекти ва 1–1,5 мингта иш ўрни яратилади.
Транспорт тизимини яхшилаш учун асосий 23 километр йўлда ҳаракат хавфсизлиги қайта кўриб чиқилади. Чорраҳаларга 455 та «ақлли» светофор ўрнатилиб, 150 та автобус бекати янгиланади ва 10 минг ўринли автотураргоҳ ташкил этилади.
Келаси йил Янги Сергели кўчасида автобуслар учун 5,5 километрлик БРТ йўлак қурилиши ҳам режалаштирилган.





