
Президентларнинг имзоси: уларга қараб нималарни аниқлаш мумкин?
Марказий Осиё етакчиларининг имзолари тармоқда тарқалиб, «кимники чиройли», деган ҳазил баҳс бошланди. Аслида имзонинг чиройли ва гажакдор бўлишдан ташқари эгасининг характери ҳақида гувоҳлик ҳам беради.

Facebook ижтимоий тармоғида «Тил ва адабиёт таълими» методлогик журнали бош муҳаррир. Фаррух Жабборбек Озарбойжон Республикасини МО давлатлари Маслаҳатлашув кенгаши аъзоликка қабул қилиш тўғрисидаги баённома остига қўл қўйган давлатлари раҳбарларининг имзоларини таҳлил қилиб чиқди.

«Бир пайтлар графология билан ҳам «бироз» шуғулланганман. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентларининг имзоларига қараб эски билимларимни синаб кўрдим», — деб ёзган у.
Қосим-Жўмарт Тўқаев имзоси аниқ, тушунарли ва текис. Ўзига ишончи яхши, мувозанатдан чиқариш қийин, ўйнаётган ролини бир маромда сақлашга интилади. Ўртача босиб ёзилиши эса эҳтиёткорлик ва вазиятга мослашувчанликни ифодалайди. Қозоғистон президентини тартибли, назоратли бошқарув услубига эга, ҳиссий жиҳатдан барқарор ва ўзига ишончи меъёрида шахс дейиш мумкин.

Садир Жапаров имзоси жуда зич ва босим билан ёзилган, бош ҳарфи аниқ ажралиб турибди. Қўлтамға кучли ирода ва кучли қатъиятдан, ҳассослик ва ҳиссий ўзгарувчанликдан сўзламоқда. Йирик ва ноаниқ чизиқлар тез фикрлаш ва тафсилотларга кам эътибор бериш белгиси дея талқин қилинади. Қирғизистон президенти бошқарувда юқори суръатни ва жадал услубни маъқул кўради, бундай ёндашув эса баъзан кескин қарорларга сабаб бўлиши ҳам бор.

Имомали Раҳмон имзоси аниқ эмаслиги, мураккаблиги ва айланма гажакли шакллари билан характерланади. Қаламни босиб ёзилгани сезилади. Қўлтамға ҳассослик, қатъият, собит ирода, ижодкорлик хисларларига ишора қилмоқда. Графологик таҳлилларга ишонсак, Тожикистон президенти ҳиссиётлари кучли, ижодкорликка мойил, тезкор қарор қабул қиладиган шахс сифатида намоён бўлади.

Сардор Бердимуҳамедов имзоси эркин чизиқларга эга, лекин осон ўқиб бўлмайди. Марказдаги ғужанак шакллар эътиборни тортади. Қўлтамғанинг ёйиқлиги, графология бўйича, эгасининг экстравертликка мойиллигини билдиради. Туркманистон президенти тез фикрловчи ва тафсилотларга кам эътиборли, фаолиятда ижодий ёндашув ва мустақил ҳаракатни афзал кўради, дейиш мумкин. Имзода эгасининг баъзан таваккал ва кескин қарорлар қабул қилиш эҳтимолига ишоралар бор.

Шавкат Мирзиёев имзоси тартибли ва тушунарли, аниқ ўқилади. Узун ва тик шакллари тобора юқорилаб боради. Мақсад сари интилишда изчил, муносабатда очиқ ва ўзига ишонган шахслиги сезилади. Ўзини олдинги ўринга қўявермайди, орқада юриб ҳам сафни бошқариш мумкин деб ҳисоблайди. Силлиқ, текис қўлтамға мувозанатлилик ва барқарорлик белгиси деб қаралади. Ўзбекистон Республикаси Президенти бошқарувда аниқ, тизимли ва қатъий услубни маъқуллайди, ҳиссий жиҳатдан барқарор ва юқори даражада ишончли шахс сифатида таассурот уйғотади.

«Марказий Осиё етакчиларининг имзоларини биринчи кўрганимда ҳеч бирида салбий маънодаги амбициозлик, «ўзим бўлай»чилик кайфияти яққол сезилмаслигига эътибор қилдим. Бу, менимча, минтақа бирдамлиги учун муҳим омиллардан бири саналади», — дея хулоса қилади муаллиф.
Фаррух Жабборбек ўз пости якунида графология замонавий илмий стандартларда ишончли услуб, дея тан олинмаслигини ҳам қўшимча қилган.





