Logo

Профессор-ўқитувчиларни дарахт парваришига мажбурий жалб қилиш қонунга зид — вазирлик

Бугун 10:252 дақиқа

Олий таълим вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимининг дарахтлар ва яшил ҳудудларни олий таълим ташкилотларига бириктириш ташаббусига муносабат билдириб, профессор-ўқитувчиларни бундай ишларга мажбурий жалб қилиш ноқонуний эканини маълум қилди.

Профессор-ўқитувчиларни дарахт парваришига мажбурий жалб қилиш қонунга зид — вазирлик © vaqt.uz

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимининг дарахтлар ва яшил ҳудудларни олий таълим ташкилотларига бириктириш ташаббуси юзасидан расмий баёнот берди. Вазирлик профессор-ўқитувчиларни дарахт ва яшил ҳудудларни парваришлаш ишларига мажбурий тарзда жалб қилиш амалдаги қонунчилик талабларига зид эканини маълум қилди.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчилик профессор-ўқитувчиларни уларнинг касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга мажбурий жалб этишга йўл қўймайди.

Хусусан, «Педагог мақоми тўғрисида»ги қонун педагогларни маъмурий тарзда меҳнатга мажбурлаш, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишини белгилайди.

Бундан ташқари, Президентнинг 2018 йил 5 июндаги ПҚ–3775-сон қарори билан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини уларнинг хизмат вазифалари ва фаолият йўналишига алоқадор бўлмаган йиғилишлар, тадбирлар ҳамда бошқа ишларга жалб этиш тақиқланган.

Вазирликнинг эслатишича, мазкур талабларни бузган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар қонунчиликда белгиланган тартибда, лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шунингдек, педагоглар ижтимоий ёки жамоатчилик аҳамиятига эга тадбирларда фақат ўз розилиги билан, тегишли шартнома асосида, қўшимча ҳақ тўланган ҳолда ҳамда ишдан бўш вақтида ёки ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда иштирок этиши мумкинлиги қайд этилди.

Вазирлик якунда профессор-ўқитувчилар ва педагогларни ўз касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбурий жалб этишга мутлақо қарши эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адиз Бобоевнинг ўқитувчи ва талабаларни кўча назоратига жалб этиш ташаббуси мажбурий меҳнат ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлган эди. Ҳокимлик буни «тавсия» дея изоҳлаётган бир пайтда, Меҳнат инспекцияси Vaqt.uz сўровига жавобан бу ноқонуний топшириқ экани ва ҳокимга огоҳлантириш юборилишини маълум қилган.

Теглар

Мавзуга оид