
Путин «Буревестник» билан мақтангач, Трамп ядровий қурол синовларини бошлашни буюрди
Доналд Трамп Владимир Путиннинг «Буревестник» ва «Посейдон» ҳақидаги баёнотларидан сўнг Пентагонга ядровий қурол синовларини «зудлик билан бошлаш» ҳақида топшириқ берди. АҚШда бундай синовлар охирги бор 1992 йилда ўтказилган эди.

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат мудофаа вазирлигига ядровий қурол синовларини «дарҳол бошлаш» ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди. Президентнинг таъкидлашича, АҚШ ҳозирда дунёдаги энг йирик ядровий арсеналга эга ва бу устунлик унинг илк президентлик муддатида амалга оширилган модернизация натижасидир.
«Жуда катта вайронагарчилик салоҳияти туфайли бундай қилишни қилишни хоҳламаган бўлардим, лекин менда бошқа йўл қолмади! Россия иккинчи ўринда, Хитой эса учинчи, аммо беш йил ичида улар тенглаша олади», — деди Трамп.
Президент бу баёнотни Хитой раҳбари Си Жинпинг билан Жанубий Кореядаги учрашувидан олдин эълон қилди. Журналистларнинг «нега айнан ҳозир синовлар бошланади?» деган саволига Трамп жавоб беришдан бош тортди.
Reuters агентлиги эслатишича, АҚШ ядровий қурол синовини сўнгги бор 1992 йилда ўтказган. Бу синовлар янги қуроллар салоҳияти ва мавжуд арсеналнинг ишлаш қобилиятини баҳолаш имконини беради.
26 октябр куни Россия президенти Владимир Путин ядровий двигательли «Буревестник» қанотли ракета синовлари якунланганини маълум қилди ва уни «бунақаси ҳеч кимда йўқ, ноёб қурол» деб атади. Бу баёнотга жавобан Трамп Путиннинг гапини «ўринсиз» деб баҳолаб, унга «урашни эмас, урушни тугатишни ўйлаш керак»лигини айтди. У шунингдек, Россия соҳилларига йўналтирилган Америка ядровий сув ости кемаси ҳақида ҳам эслаб ўтди.
Шундан сўнг Путин ядровий торпеда «Посейдон» синови ҳақида гапириб, унинг дунёдаги ҳар қандай қуролдан устунлигини таъкидлади. «Посейдон тезлиги ва чуқурлик бўйича тенгсиз. Унинг қуввати «Сармат» ракетасидан ҳам юқори, уни тутиб олиш усули мавжуд эмас», — деди Путин.
Россия пропагандаси «Посейдон»ни илгари «Қиёмат қуроли» деб атайди, унинг ёрдамида АҚШнинг қирғоқдаги шаҳарларини радиоактив цунами билан йўқ қилиш мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.





