add

Путин россияликларнинг «Мир» карталарига уланишни назорат учун очиб берди

Бугун 12:253592 дақиқа

«Росфинмониторинг»га «Мир» карталари ва тезкор тўловлар тизими орқали амалга ошириладиган барча транзакцияларни тўғридан-тўғри очиб кўриш ҳуқуқи берилди.

Путин россияликларнинг «Мир» карталарига уланишни назорат учун очиб берди

Россия президенти Владимир Путин «Росфинмониторинг»га россияликларнинг «Мир» тўлов карталари ва Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими (СБП) орқали амалга оширган барча операциялари ҳақида тўғридан тўғри маълумот олиш ҳуқуқини берувчи қонунни имзолади.

Мазкур қонун «Пулларни легаллаштиришга қарши кураш тўғрисида»ги 115-федерал қонунга киритилган ўзгартишларни назарда тутади. Янги тартибга кўра, эндиликда «Росфинмониторинг» пул ўтказмаларини текшириш учун банкларга алоҳида сўровлар юборишига ҳожат қолмайди. Маълумотлар тўғридан тўғри Миллий тўлов карталари тизими (НСПК) орқали тақдим этилади.

СБП орқали бир суткада 60 миллионга яқин операция амалга оширилади, йиллик тўлов ҳажми эса 70 трлн рублга етади. Янги механизм ушбу улкан маълумот оқимини реал вақт режимида назорат қилиш имконини яратади.

Қонунга илова қилинган изоҳда таъкидланишича, бу чора «Росфинмониторинг» текширувларини тезлаштиради ва банклар юкини камайтиради. Илгари идора томонидан юбориладиган оммавий сўровлар кредит ташкилотлари учун қўшимча маъмурий босим келтириб чиқарар эди.

Эътиборли жиҳати шундаки, «Росфинмониторинг» аллақачон кенг ваколатларга эга эди. 2025 йил 1 июлдан бошлаб идора экстремизм ёки пул ювиш шубҳаси билан жисмоний шахсларнинг ҳисоб рақамлари ва карталарини 10 кунгача блоклаш ҳуқуқига эга бўлган.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда «Росфинмониторинг» «террорчилар ва экстремистлар» реестрини ҳам кенгайтирди. Энди ушбу рўйхатга Россия армиясини «обрўсизлантириш»да айбланган шахслар ҳам киритилиши мумкин. Шунингдек, сиёсий, миллий, ирқий ёки диний адоват замирида содир этилган жиноятлар учун ҳам реестрга тушиш эҳтимоли мавжуд.

Янги қонун Россияда молиявий назоратнинг янада марказлашиши ва фуқаролар тўлов фаолияти устидан давлат кузатуви кучайганини англатади.

Теглар

Мавзуга оид