Logo

Путин сафарбарликни рад этди, аммо россияликлар мамлакатдан қочмоқда

Бугун 08:303 дақиқа

Россия расмийлари янги сафарбарлик бўлмайди деб жон жаҳди билан ишонтиришга уринаётган бўлса-да, аҳоли уларга ишонмаяпти. Мамлакатни оммавий равишда тарк этаётган юз минглаб россияликлар қаёққа қочмоқда? Ҳозирнинг ўзидаёқ чегараларда рекорд навбатлар ва мислсиз тирбандликлар юзага келган.

Путин сафарбарликни рад этди, аммо россияликлар мамлакатдан қочмоқда

Жорий йил сентябр ойининг биринчи ҳафтасида Россия президенти Владимир Путин мамлакатда навбатдаги сафарбарлик режалаштирилаётгани ҳақидаги миш-мишларни икки марта омма олдида рад этди. 1 сентябр куни Путин бу гапларни «мутлақо асоссиз» деб атади ва буни Россияга қарши уюштирилган «ахборот хуружи» сифатида баҳолади.

Орадан икки кун ўтиб, 3 сентябр куни Владивостокда бўлиб ўтган Иқтисодий форумда Путин «бугунги кунда сафарбарликка зарурат туғдирадиган бирорта ҳам ҳолат йўқлигини» маълум қилди. Бундан ташқари, Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари, собиқ президент Дмитрий Медведев «Ведомости» нашрига берган интервюсида ҳукуматнинг кузда сафарбарликнинг иккинчи тўлқинини бошлаш нияти йўқлигини ва бу ҳақдаги хабарлар ёлғон эканини таъкидлади.

1

Бироқ ҳукуматнинг бу раддиялари ойлар давомида тарқалган ва Давлат думасига сайловлардан сўнг оммавий сафарбарлик бошланишига ишониб қолган аҳолини тинчлантира олмади. Оқибатда россияликлар мамлакатни оммавий равишда тарк этмоқда.

Турли даражадаги Россия мулозимлари янги сафарбарлик тўлқини ҳақидаги гап-сўзларни муттасил рад этиб келаётган бўлса-да, бундай баёнотлар фуқароларнинг хавотирини арита олмади. Негаки, сафарбарликка тайёргарлик кўрилаётганига билвосита ишора қилувчи хабарлар ҳамон тарқалмоқда. Масалан, чақирув ёшидаги эркакларнинг турли баҳоналар билан ёки умуман сабабсиз мамлакатдан чиқишига рухсат берилмаётганига оид кўплаб ҳолатлар кузатилмоқда. Бундан ташқари, фуқаролар ижтимоий тармоқларда ҳарбий комиссариатлардан келаётган талабномалар билан бўлишмоқда. Уларда электрон тизим орқали шахсий маълумотларни янгилаш сўралган. Сўнгги ҳафталарда бундай хабарномалар тарқатилиши оммавий тус олган.

«The Moscow Times» нашрининг «Чақирув мактаби» юридик бўлими раҳбари Тимофей Васкинга таяниб хабар беришича, турли ҳисоб-китобларга кўра, юз минглаб россияликлар ўз ҳарбий гувоҳномаларида сафарбарлик эълон қилинган тақдирда йиғин пунктига етиб келиш мажбуриятини юклайдиган буйруқни олган бўлиши мумкин. 

Россия қонунчилигига кўра, маълумотларни аниқлаштириш мақсадида юборилган хабарнома фуқарони ҳарбий комиссариатга чақириш учун асос бўла оладиган қонуний сабаблардан бири ҳисоьланади.

2

Эҳтимолий сафарбарлик туфайли Россия ва Грузия ўртасидаги «Верхний Ларс» чегара ўтказиш пунктида улкан навбатлар юзага келган. Миш-мишлардан ваҳимага тушган россияликлар имкон қадар тезроқ мамлакатни тарк этишга уринмоқда.

Бу борада Грузия энг қулай вариант бўлиб турибди. Қуруқликдаги умумий чегара, визасиз тизим ва Грузия ҳукуматининг нисбатан хайрихоҳ муносабати бу мамлакатни кўплаб россиялик муҳожирлар учун қулай маконга айлантирди.

Маълумотларга кўра, август ойининг учинчи ҳафтасида «Верхний Ларс» пости орқали Россиядан 113 мингдан ортиқ одам ва 33 мингдан зиёд транспорт воситаси чиқиб кетган. Бу орқали мазкур чегара пункти тарихида йўловчилар оқими бўйича рекорд кўрсаткич қайд этилган.

Кўплаб кузатувчилар чегарадаги одамлар оқимининг бу қадар кескин ошишини Россия жамиятида янги сафарбарлик тўлқинидан кучаяётган хавотирнинг билвосита белгиси сифатида баҳоламоқда.

Таҳлилчилар, жумладан, Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоб-китобларига кўра, Россия фронтда ҳалок бўлган ва ярадорлар ҳисобида ҳар ой 40 мингдан ортиқ аскарини йўқотмоқда. Шу билан бирга, ҳар ой армия сафига тахминан 35 минг кўнгилли қўшилмоқда. ISW ушбу тафовут чексиз давом эта олмаслигини ва ўрнини фақатгина «у ёки бу шаклдаги сафарбарлик» орқали тўлдириш мумкинлигини таъкидламоқда.

Ғарб разведка хизматлари ҳам қатор минтақаларда оммавий сафарбарликка тайёргарлик белгилари кузатилаётганини маълум қилган.

Теглар

Мавзуга оид