Путин стратегик ядровий кучларни синовдан ўтказди

Россияда қуролли кучларнинг қуриқлик, денгиз ва ҳаво компонентлари иштирокида стратегик ядро машғулоти бўлиб ўтди.

Путин стратегик ядровий кучларни синовдан ўтказди

Россияда стратегик ядро кучларининг кенг кўламли машғулоти бўлиб ўтди. Кремл матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда қуриқлик, денгиз ва ҳаво кучлари иштирок этган, барча вазифалар тўлиқ бажарилган. Машғулот жараёнига Россия президенти Владимир Путин шахсан раҳбарлик қилди.

Синов доирасида Плесецк давлат космодромидан Камчаткадаги «Кура» полигони томон «Ярс» қитъалараро баллистик ракета учирилган. Шунингдек, Баренц денгизидаги «Брянск» атом ракета сувости кемасидан «Синева» баллистик ракета парвозга чиқарилган. Умумий машғулотларда узоқ масофали авиациянинг Ту–95МС туридаги самолётлари ҳам қатнашиб, ҳаводан қанотли ракеталарни синовдан ўтказган.

Кремл баёнотида таъкидланишича, бу машқлар ҳарбий қўмондонлик тизимининг тайёргарлик даражасини, фавқулодда вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш ва бўйсунувчи қўшинлар фаолиятини мувофиқлаштириш қобилиятини текшириш мақсадида ташкил этилган.

Маълумот учун, «Ярс» (РС–24) — 2009 йилда қўлланишга киритилган қаттиқ ёқилғили қитъалараро баллистик ракета бўлиб, 11 минг километргача масофадаги нишонларни йўқ қилиш имкониятига эга. У бир нечта мустақил нишонларга йўналтирилувчи жанговар каллаклар билан жиҳозланган.

«Синева» (Р–29РМУ2) — уч босқичли, суюқ ёқилғили ракета бўлиб, стратегик атом сувости кемаларида жойлаштирилади. Ту–95МС эса Россия ҳаво-кун космик кучларининг узоқ масофали бомбардимончи самолёти бўлиб, у Х–55 туридаги қанотли ракеталарни — 2500 километргача масофадаги нишонларга — ташиш имконига эга.

Шунингдек, Путин жорий йил сентябр ойида «Запад–2025» қўшма Россия–Беларус ҳарбий машғулотларида ҳам иштирок этган эди. Ушбу машғулотларда 100 мингга яқин ҳарбий хизматчи, 10 мингдан ортиқ ҳарбий техника ҳамда стратегик бўлмаган ядро тизимлари жалб этилган эди.

Теглар

Мавзуга оид