Logo

«Қабристондан қайтган» миллиардер: Хуанг можаросида асосий ғолиб ва мағлублар ким?

Бугун 18:457 дақиқа

Жосуслик можароси сабаб ишдан кетган Женсен Хуанг 11 кун ўтиб яна «Nvidia» раҳбарлигига тикланди.

«Қабристондан қайтган» миллиардер: Хуанг можаросида асосий ғолиб ва мағлублар ким? © AP

Чарм курткаси билан сунъий интеллект даврининг тимсолига айланган Женсен Хуанг соҳа тахтидан шов-шувли тарзда туширилганига икки ҳафта ҳам тўлмай, дунёдаги энг қиммат яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчиси — «Nvidia» бошқарувини қайта қўлга олди.

Бунинг учун Кремний водийсининг нуфузли вакилларидан иборат махсус гуруҳ Оқ уйга жиддий босим ўтказишига тўғри келди. Натижада душанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп аралашиб, «Nvidia» директорлар кенгашини 63 ёшли Хуангни лавозимига тиклашга мажбур қилди. Аввалроқ Хуанг никоҳдан ташқари алоқалари, хусусан, Хитой учун жосусликда гумонланаётган Элис Хуанг билан муносабатлари ошкор бўлгани ортидан обрўсини йўқотган эди. Элис Хуанг «Nvidia»нинг мижози бўлган ва кейинчалик АҚШнинг «қора рўйхати»га киритилган «Megaspeed» компанияси раҳбари ҳамда асосий акциядори саналади.

«Nvidia» атрофидаги бу можаро Калифорниядаги бир компания доираси билан чекланиб қолмайди.

АҚШ фонд бозоридаги асосий капитал тобора қимматлашиб бораётган саноқли технологик гигантлар қўлида тўпланган: улар «Nasdaq-100» индексининг 60 фоизидан ортиғини эгаллайди. Технология ва сунъий интеллект соҳасидаги компаниялар эса биргаликда «S&P 500» индекси умумий бозор қийматининг қарийб ярмини ташкил этади.

Душанба куни Хуангнинг лавозимга қайтиши «Nvidia» акцияларини 30 фоизга кескин оширди. Бироқ компания ва унинг раҳбарига нисбатан терговлар давом этаётган бир паллада, бу воқеа Трамп маъмурияти босимининг чегаралари қанчалик кенг экани ҳақида жиддий саволларни ўртага ташлади. Шу билан бирга, Вашингтон ва Пекин ўртасидаги рақобат кескинлашиб бораётган пайта сунъий интеллект саноатининг келажаги борасидаги хавотирларни янада кучайтирди.

Ушбу можаронинг асосий ғолиблари ва мағлубларини кўриб чиқамиз.

Ғолиблар

Женсен Хуанг

Душанба куни «Nvidia» ходимларининг олқишлари остида кутилмаганда ишга қайтган Хуанг аввалроқ директорлар кенгашини тарк этган, кенгаш эса ўтган ҳафта уни лавозимига тикламаслигини билдирган эди.

1980-йилларда «Denny’s» тамаддихонасида идиш ювувчиликдан иш бошлаб, 4 триллион долларлик технологик гигантни барпо этган Хуанг «Nvidia»ни қарийб 33 йил бошқарди ва Кремний водийсидаги энг ёрқин муваффақият тарихларидан бирини яратди.

Энди у Кремний водийсида ишдан бўшатиш имконсиздек кўринадиган етакчилар — «Meta» раҳбари Марк Цукерберг ва «SpaceX» асосчиси Илон Маск сафига қўшилди.

Хуангнинг Хитой разведкасига алоқадорликда гумонланаётган тадбиркор аёл Элис Хуанг (улар қариндош эмас) билан ишқий муносабати Пекинга чекланган чип технологияларидан фойдаланиш йўлини очган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги айбловлар ҳам, охир-оқибат, уни раҳбарлик курсисидан четда ушлаб қолишга етмади.

У ишдан четлатилган 11 кун ичида ОАВ унинг «Nvidia» ходимлари билан камида яна иккита никоҳдан ташқари алоқаси бўлганини, шунингдек, қўл остидагиларни қўпол ҳақоратлар билан танқид қилишини ошкор этди.

«Wired» нашрининг ёзишича, «Nvidia» ходимларидан бири компаниянинг ички тармоғида: «Агар Женсен қайтса, мен бошқа ҳеч қачон HR тренингларида қатнашмайман», — деб ёзган.

«Goldman Sachs» инвестиция банкининг собиқ бош директори Ллойд Бланкфейн эса «X» ижтимоий тармоғида: «Агар сиз чиндан ҳам, чиндан ҳам, чиндан ҳам ўрнини босиб бўлмас инсон бўлсангиз, ҳатто қабристондан ҳам қайтиб келишингиз мумкин экан», — деб ёзди.

Ўз навбатида, президент Трамп яқинда Хитойга сафар қилиб, APEC саммитида қатнашгани ва Хитой раиси Си Жинпинг билан учрашганини эслатиб: «Унда мен ҳам бу ишга аралашган эканман-да», — деди.

«CNBC» телеканалига берган интервюсида Трамп бунга қўшимча қилиб: «Қаерда бирор келишган ёки гўзал хитойлик аёл кўринса, уни дарҳол жосусга чиқаришади», — деди.

Шу билан бирга, у Хуанг билан боғлиқ бу гапларнинг «ҳақиқат эканига ишонмаслигини» таъкидлади, бироқ ўзига тақдим этилган АҚШ разведкаси ҳисоботлари юзасидан изоҳ бермади.

«Nvidia» акциядорлари

Замонавий сунъий интеллект ҳисоблаш саноатининг калити айнан шу чип гиганти қўлида. Унинг мижозлари орасида «Microsoft», «Google», «Amazon» ва «Meta» каби йирик компаниялар бор бўлиб, улар ўзларининг сунъий интеллект маълумотлар марказларини қуриш ва ишлатишда «Nvidia» ускуналарига таянади.

Директорлар кенгаши Хуангнинг истеъфосини қабул қилган 11 ноябрдан 20 ноябргача компаниянинг келажаги борасидаги ноаниқлик кучайиши ортидан «Nvidia» акциялари қарийб 28 фоизга арзонлади.

23 ноябр, душанба куни якунига келиб эса «Nvidia» ўз бозор қийматини тахминан 956 миллиард долларга тиклади — 20 ноябрдаги энг паст кўрсаткич бўлган 3,04 триллион доллардан 3,98 триллион долларга кўтарилиб, дунёдаги энг қиммат яримўтказгичлар компанияси мақомини сақлаб қолди.

Компания акциядорлари орасида АҚШ президенти Трамп ҳам бор. Илк бор «The Washington Post» газетаси эълон қилган Трампнинг молиявий декларациялари таҳлилига кўра, август ойи охирида унда 13 миллиондан 62 миллион долларгача қийматдаги «Nvidia» акциялари бўлган; 2024 йил охирида эса бу кўрсаткич тахминан 1,3 миллион долларни ташкил этган эди.

«Nvidia» билан ҳамкорлик қилувчи компаниялар

Хуангнинг «Nvidia»дан кетиши бутун сунъий интеллект саноатида акс-садо берди. Унинг қайтиши эса чип гигантининг глобал таъминот занжиридаги ҳамкорларига ҳам ижобий туртки бермоқда — улар маҳсулотларни ривожлантириш режаси, ишлаб чиқариш буюртмалари ва инвестиция лойиҳаларининг узлуксиз давом этишидан умидвор.

«Nvidia» учун энг илғор сунъий интеллект процессорларини ишлаб чиқарувчи «Taiwan Semiconductor Manufacturing Company» («TSMC») акциялари сешанба куни 9,9 фоизга кескин кўтарилиб, кунлик савдо лимитига етди ва биргина сессияда компания бозор қийматига 158 миллиард доллар қўшди.

«Nvidia» чиплари асосида сунъий интеллект серверларини йиғувчи «Foxconn» акциялари ҳам қарийб 10 фоизга ошди.

Жанубий Кореянинг хотира чиплари ишлаб чиқарувчилари «SK Hynix» ва «Samsung Electronics» акциялари мос равишда 6,7 ва 6,6 фоизга қимматлашди.

Япониянинг чипларни синовдан ўтказиш ускуналари ишлаб чиқарувчиси «Advantest» акциялари эса 12,5 фоизга сакради.

Сешанба куни Сеул, Токио ва Тайпэйдаги асосий Осиё фонд индексларининг барчаси кўтарилиш билан якунланди.

Технология тарафдорлари

Хуанг йиллар давомида Вашингтонда технологиялар экспортига қўйилган чекловларга қарши чиқиб, савдони тўхтатиш стратегик аҳамиятга эга бозорни Хитойнинг маҳаллий рақобатчиларига топшириб қўйиш билан баробар эканини таъкидлаб келган.

Бу позиция уни «Nvidia»нинг илғор чипларидан фойдаланиш имкониятини, айниқса уларнинг ҳарбий мақсадларда қўлланилиши хавфини инобатга олиб, миллий хавфсизликка таҳдид деб билувчи АҚШ қонунчилари билан зиддиятга олиб келди.

АҚШ чиплар бўйича экспорт назоратини илк бор 2022 йилда жорий этган ва кейинчалик Хитой учун бу чекловларни янада кучайтирган эди.

Истисно тариқасида, ўтган йили Хитой раиси Си Жинпинг билан ўтказилган саммитдан сўнг Трамп тасдиқланган хитойлик мижозларга H200 чипларини сотишга рухсат беришини айтган эди. Январ ойида эса АҚШ қудратли H200 чиплари учун лицензиялаш сиёсатини юмшатиб, хавфсизлик шартларига риоя этилган ҳолда экспорт аризаларини индивидуал тартибда кўриб чиқишга рухсат берди.

ОАВ хабарларига кўра, барча чекловларга қарамай, «Nvidia» технологиялари асосан учинчи давлатлар ва контрабанда йўллари орқали Хитойга кириб боришда давом этган.

Женсен Хуанг билан боғлиқ можаро юзага чиққанидан бери «Nvidia» Хитойга чип етказиб беришни тўхтатганини маълум қилди, бироқ бунинг сабабига аниқлик киритмади.

Мағлублар

Молия вазири Скотт Бессент

Хуангни қатъий қўллаб-қувватлаган президент Трамп «Nvidia» директорлар кенгашининг уни лавозимига тиклаш қарорини дарҳол ўз ютуғи сифатида тақдим этди. Бироқ маъмурият ичида бу масалада якдиллик йўқлиги яққол кўзга ташланди.

Адлия вазирлиги ҳамда Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) компанияга нисбатан терговни давом эттирмоқда, молия вазири Скотт Бессент эса унинг энг кескин танқидчиларидан бирига айланди.

Аввалроқ Бессент «Nvidia» молиявий кўрсаткичларини ошириш учун Хитойга ноқонуний чип савдосига кўмаклашганми ёки йўқми, деган саволни ўртага ташлаган эди. «Fox News» телеканалига берган интервюсида у сунъий интеллект чиплари гиганти «даромад ва фойдасини сунъий равишда ошириш мақсадида шубҳали, ноқонуний кўринадиган савдолар билан шуғуллангани»ни иддао қилганди.

Шунингдек, у «Nvidia»ни ташқаридан янги бош директор тайинлашга чақирган эди.

 «Nvidia» директорлар кенгаши

«Nvidia» директорлар кенгаши Хуанг билан бирга 11 аъзодан иборат. У истеъфога чиққач, Илон Маск бошчилигидаги Кремний водийси раҳбарлари қўллаб-қувватлаган «Женсен билан биргамиз» («Stand with Jensen») кампанияси авж олаётган бир пайтда кенгаш раиси Ҳарви Жонс инвесторларга Хуанг ўз ихтиёри билан кетганини ва лавозимига қайтарилмаслигини маълум қилган эди.

Душанба куни эса кенгаш фикрини ўзгартириб, «Женсен «Nvidia»ни бошқариш учун энг муносиб инсон эканига ва унинг лавозимига тикланиши акциядорлар, ходимлар, ҳамкорлар ҳамда мижозлар манфаатларига тўлиқ жавоб беришига ишониши»ни билдирди.

Рақобатчи чип ишлаб чиқарувчилар

«Nvidia»даги беқарорлик «AMD» ва «Broadcom» каби рақобатчилар учун дарҳол янги имкониятлар очгандек кўринди.

«Nvidia» билан тўғридан-тўғри рақобатлашадиган «AMD» ҳамда «Broadcom» акциялари Хуангнинг кетиши эълон қилинган 12 ноябр куни қарийб 6 фоизга ошди.

Хуанг қайтганидан сўнг эса «Nvidia» акцияларининг 31,5 фоизга кескин сакраши фонида уларнинг қимматли қоғозлари анча камтарона — мос равишда тахминан 7 ва 2 фоизга кўтарилди.

Ўзининг тензор процессорларини (TPU) ишлаб чиқарувчи «Alphabet» компанияси ҳам бу вазиятдан ютиши мумкин эди, зеро «Google» ва «Amazon» каби гигантлар «Nvidia»га бўлган қарамликни камайтириш йўлларини излаган бўлиши табиий.

Хитойга нисбатан қаттиққўл сиёсат тарафдорлари

Трамп маъмуриятидаги яна бир мағлуб сифатида Хитойга нисбатан кескин позицияси билан танилган президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ва давлат котиби Марко Рубио кўринмоқда.

Аввалроқ «The Washington Post» газетаси охир-оқибат Хуангнинг «Nvidia» директорлар кенгашидан четлатилишига олиб келган воқеалар занжирини айнан Рубио бошлаб бергани ҳақида ёзган эди.

Душанба куни Давлат департаментида Қатар бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ол Соний билан бирга чиқиш қилган Рубио Хуангнинг лавозимига тикланиши юзасидан ёғилган саволлар қуршовида қолди, бироқ уларнинг бирортасига жавоб бермади.

Шунга қарамай, Вашингтон душанба куни, Хуанг «Nvidia»га қайтганидан бир неча соат ўтгач, «Megaspeed» компаниясини қора рўйхатга киритди.

Саноат ва хавфсизлик бюроси (BIS) Сингапурда жойлашган ушбу компанияни ҳамда Жануби-Шарқий Осиёдаги яна олтита фирмани чекловлар рўйхатига («Entity List») қўшди.

Теглар

Мавзуга оид