Logo

Қаҳрамонжон Олимовнинг «Anorbank»даги ваколатлари муддатидан олдин тугатилди

Бугун 14:543 дақиқа

Банкирнинг ўрнига янги номзод сайланди. Унинг ваколатлари Марказий банк розилиги олинганидан кейин кучга киради.

Қаҳрамонжон Олимовнинг «Anorbank»даги ваколатлари муддатидан олдин тугатилди © Ijtimoiy tarmoqlar

«Anorbank» акциядорларининг 28-октябрдаги навбатдан ташқари йиғилишида Қаҳрамонжон Олимовнинг Кузатув кенгаши аъзоси сифатидаги ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди.

Йиғилишда овоз берувчи акцияларнинг 100 фоизи қатнашган. Олимовнинг аризасини қаноатлантириш ва ваколатларини тугатиш тўғрисидаги қарор бир овоздан маъқулланган. Унинг ўрнига Константин Алексеевич Воистинов Кузатув кенгаши аъзолигига сайланган. Қарорга кўра, унинг ваколатлари Марказий банк розилиги олинганидан кейин кучга киради. Банк бошқарувига номзодни регулятор билан белгиланган тартибда келишиш вазифаси юклатилган.

Очиқ маълумотларда Константин Воистинов Ўзбекистон банк ва суғурта соҳасида фаолият юритувчи таниқли мутахассис ва бошқарувчи экани айтилган. У «Kapital sug‘urta» АЖнинг 2023 йил 30 июндаги акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши баённомаси қарорига мувофиқ, компания Кузатув кенгаши таркибига 3 йил муддатга сайланганди.

Шунингдек, у «Anorbank» АЖ бошқаруви раисининг маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб борган. Бу ҳақда ҳам «Kapital sug‘urta» бошқарув органлари ҳисоботи маълумотларида унинг асосий/қўшимча иш жойи сифатида қайд этилган.

Бундан ташқари, микромолия ташкилотларидан бири бўлмиш «GLEVER MIKROKREDIT TASHKILOTI» МЧЖда ижрочи директор маслаҳатчиси экани кўрсатилган. У бир неча йил давомида «Kapitalbank» АТБ бошқарув аъзоси ҳамда бошқарув раисининг ўринбосари бўлган.

Олимов 2-октябр куни «Anorbank»нинг кузатув кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берганди. Мазкур масала 28-октябр куни акциядорларнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилди.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрининг аввал эълон қилинган маълумотларига кўра, «Anorbank» акцияларининг 49,4 фоизи Олимовга тегишли эди, 50 фоизи Нидерландиянинг Bekamin B.V. компаниясига, 0,6 фоизи эса «Капитал Суғурта» суғурта компаниясига тегишли бўлган.

Олдинроқ Олимов Интерпол қидирувига тушиб, сал ўтмай қидирув бекор қилинганди. У 16-октябр куни сўнгги 18 ой давомида ўзи ва оиласи турли ҳужумларга дуч келганини айтиб чиқди. Банкир бу ҳаракатлар жиноятлиги ва қонунга зидлигини айтди. Олимов ушбу баёнотни нотўғри маълумотларга аниқлик киритиш ва воқеалар ҳақида ҳақиқатни баён қилиш учун берганини билдирди.

Олимов 2025-йил 24-июнда Парижда уни ўғирлаб кетишганини яна бир бор таъкидлади. У Франция ва Ўзбекистон суд тизимларига ишонишини айтиб, бу воқеаларга масъул шахслар қилмишлари учун жавоб беришига қатъий ишонишини билдирди.

Fitch «Anorbank» рейтингини яна пасайтирди

«Fitch Ratings» 8-октябр куни «Anorbank»нинг миллий ва хорижий валютадаги узоқ муддатли рейтингини «CCC+» дан «CCC» га туширди. Банкнинг ҳаётийлик рейтинги ҳам «ccc+» дан «ccc» га пасайди. Иккала рейтинг «салбий» кузатув рўйхатига киритилди. Бу рейтинг сентябрь ойидан бери иккинчи марта пасайиш ҳисобланади.

«Anorbank»нинг молиявий кўрсаткичлари қандай?

2026-йил 1-сентябр ҳолатига кўра, «Anorbank»нинг активлари 21,4 трлн сўм, мажбуриятлари эса 19,8 трлн сўмни ташкил этган.

Банкнинг ликвидлик кўрсаткичлари Марказий банк томонидан белгиланган минимал талаблардан юқори бўлган. Жумладан, юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги улуши 16,9 фоизни ташкил этган, минимал талаб эса 10 фоиз этиб белгиланган.

Шунингдек, ликвидликни қоплаш меъёри (LCR) 116 фоиз, соф барқарор молиялаштириш меъёри (NSFR) 128 фоизни ташкил этган. Ҳар икки кўрсаткич бўйича минимал талаб 100 фоизга тенг. Банкнинг регулятив капитал монандлиги коэффициенти 13 фоиз бўлган. Бу ҳам белгиланган 12 фоизлик минимал талабдан юқори.

Бундан ташқари, Марказий банкнинг банк тизими бўйича таққослама маълумотларига кўра, 2026-йил 1-август ҳолатида «Anorbank» активлари 20,2 трлн сўмни ташкил этган. Активлар ҳажми бўйича банк бир йил ичида тизимдаги банклар орасида 17-ўриндан 14-ўринга кўтарилган.

Шу даврда банкнинг депозит портфели 16,2 трлн сўмга етиб, бир йил ичида 44 фоизга ошган. Банк тизими бўйича депозитларнинг ўртача ўсиши эса 34 фоизни ташкил этган. Депозит портфели ҳажми бўйича «Anorbank» 13-ўриндан 12-ўринга, давлат улуши бўлмаган банклар орасида эса 6-ўриндан 5-ўринга кўтарилган. Умуман олганда, келтирилган кўрсаткичлар «Anorbank»нинг ликвидлиги, капитали ва депозит базаси бўйича ижобий динамикага эга эканини кўрсатади.

Теглар

Мавзуга оид