Қалъа Ота: Қумлар орасидаги қишлоқ
Тасаввур қилинг, энг яқин шаҳар юзлаб километр узоқда. Атрофда эса фақат чўл ва шўрхок ерлар. Шундай жойда одамлар қандай яшайди? Уларнинг кундалик ҳаёти қандай кечади? Vaqt.uz Қизилқум бағридаги Қалъа Ота қишлоғига сафар қилди.
Қалъа Ота — Бухоро вилояти Пешку туманининг “Жонгелди” МФЙ таркибидаги кичик қишлоқлардан бири. Уни маҳаллий аҳоли Қала ата деб аташади. Бу ерда ҳаёт шаҳарлардагидан бутунлай бошқача. Тонг чорва билан бошланади. Кимдир қўй-эчки боқади, кимдир қорамол, яна кимдир йилқичилик, туя боқиш билан шуғулланади. Кўп оилалар учун чорвачилик асосий даромад манбаи ҳисобланади. Қалъа Отада чорвачилик шунчаки машғулот эмас. Бу авлоддан-авлодга ўтиб келаётган турмуш тарзи.
Чўл шароитида яшаш осон эмас. Ёз фасли иссиқ бўлиб, ҳарорат 45 даражагача исиб кетади, совуқ қиш ва узоқ масофалар маҳаллий аҳоли учун одатий ҳол. Қишлоқ аҳолиси эса бу ҳаёт тарзига мослашган. Баъзан ҳудудда топилмайдиган нарса учун маҳаллий аҳоли энг яқин шаҳаргача ўнлаб километр йўл босишга тўғри келади. Энг яқин шаҳар тахминан 100 км узоқликдаги Газли шаҳридир. Овул Бухоро шаҳридан 250 километр олисда жойлашган.
Қизилқум кенгликлари бўйлаб Қулжуқтов тоғининг шимолий-ғарбий этаги пастликларида яшаб келаётган овулликлар асосан, қозоқ миллатига мансуб аҳолидан таркиб топган. Болалар мактабга қатнайди. Катталар эса кун бўйи меҳнат билан банд. Қишлоқдаги ҳаётнинг асосий қадрияти — меҳнат ва ҳамжиҳатлик.
Қалъа Ота нафақат яшаш манзили, балки авлодлар давомида шаклланган турмуш тарзи ҳамдир. Бу ерда қўшничилик ришталари ҳамон мустаҳкам сақланиб қолган. Аммо қишлоқ аҳолисидан шикоятни кам эшитасиз. Чунки улар учун бу ер оддий яшаш жойи эмас. Бу — ота-боболар юрти.
Пешку тумани марказидан 200 километрдан ортиқ масофада жойлашган Қалъа Ота қишлоғида 1та мактаб бўлиб, унда 30 нафар яқин ўқувчи таҳсил олади. Ҳозир таътил. Болалар орасида келажакда шифокор, ўқитувчи ёки тадбиркор бўлишни орзу қилаётганлар кўп. Катта шаҳарлардаги тенгдошларидан узоқда яшасалар-да, уларнинг орзулари бошқа болалар қатори бир хил.
Бу ерда яна бир бойлик бор. У ҳам бўлса одамлар орасидаги меҳр-оқибат. Кимнингдир уйида тўй бўлса, бутун қишлоқ йиғилади. Кимдир ёрдамга муҳтож бўлса, қўшнилар биринчи бўлиб етиб келади. Чунки ҳамма бир-бирини жуда яхши танийди.
Чексиз чўл. Қумлар орасидан ўтган узун йўл. Атрофда на баланд бинолар, на гавжум кўчалар. Шаҳар шовқинидан узоқда, Қизилқумнинг кенгликлари орасида жойлашган бу қишлоқ бизга оддий, аммо мазмунли ҳаёт қандай бўлишини эслатади. Қизилқум бағридаги бу кичик қишлоқ харитада катта жой эгалламаслиги мумкин. Аммо бу ерда яшаётган инсонларнинг меҳнати, матонати ва ҳаёт фалсафаси кўпчилик учун ибрат бўла олади.
Бахтиёр Тўхтаев, журналист
Оператор ва монтажчи: Мироқил Хайруллаев
Теглар






