
Қамчиқ довонида қор ва туман: ҳайдовчилардан огоҳлик талаб қилинмоқда
Қамчиқ довонида ёмғир, қор ва туман сабаб кўриш масофаси чекланиб, ҳайдовчилардан эҳтиёткорликни ошириш талаб этилмоқда.

Қамчиқ довони орқали ўтувчи А-373 автомобили йўлининг бир қанча участкаларда об-ҳаво кескин ёмонлашгани қайд этилди. Йўлнинг 80–102 ва 166–201-километрларида ёмғир, 102–166-километрлар оралиғида эса қор ёғмоқда. Ҳаво ҳарорати -1 даража атрофида бўлиб, айрим қисмларда қалин туман кузатилмоқда. Мазкур шароит туфайли йўлларда кўриш масофаси тахминан 500 метргача қисқаргани маълум қилинди.
Шамол тезлиги секундига 2–10 метр оралиғида, намлик эса 79 фоиз даражасида қайд этилмоқда. Мутахассислар бундай об-ҳаво шароити музламалар хавфни ошириши мумкинлигини таъкидламоқда. Йўллар қопламасидаги хавфни камайтириш мақсадида «Қамчиқавтойўл ИЙФК» ДМ томонидан тун-у кун махсус техника жалб этилган ҳолда қум-туз аралашмаси сепиш ва йўлни қордан тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирда автотранспорт воситалари икки томонлама ҳаракатланиши таъминланган, аммо ҳаво шароити туфайли эҳтиёт чоралари кучайтирилган. Йўл хизматлари ҳайдовчиларга тезликни меъёрдан оширмаслик, транспорт воситалари ўртасидаги оралиқ масофани қатъий сақлаш ва йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ риоя қилиш зарурлигини яна бир бор эслатди.
«Қамчиқавтойўл ИЙФК» ДМнинг қайд этишича, довондан ўтаётганда об-ҳаво шароити тез ўзгариши мумкин, шу боис ҳайдовчилар ҳар бир бурилиш ҳаракатини тўлиқ назорат билан амалга ошириши, қўшимча хавфсизлик чораларига амал қилиши лозим. Йўл хизматлари шароитдан келиб чиқиб, барча ҳаракатланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ишлар узлуксиз давом эттирилаётганини билдирган.





