Logo

Қаршида ҳуқуқ фаоли қийноққа учрагани айтилмоқда

Бугун 08:003 дақиқа

Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, Жавоҳир Мўминов Қарши шаҳар ички ишлар бошқармасида бошига қоп кийдирилган ҳолда калтакланган ва қийноққа солинган.

Қаршида ҳуқуқ фаоли қийноққа учрагани айтилмоқда

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ҳуқуқ фаоли Жавоҳир Мўминовга нисбатан қийноқ қўллангани ҳақида даъволар янгради. Бу ҳақда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Ташановнинг ёзишича, Жавоҳир Мўминов Қарши шаҳар ички ишлар бошқармасида бошига қоп кийдирилган ҳолда калтаклангани ва қийноққа солинганини билдирган. Унинг таъкидлашича, воқеадан кейин тез тиббий ёрдам чақирилган.

Ҳуқуқ фаолининг ҳимоячиси сифатида иштирок этган адвокат Лазизжон Шарипов ҳам тан жароҳати олгани айтилмоқда. Ташановнинг маълум қилишича, адвокатга етказилган жароҳатлар юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланган.

Экспертиза тайинлангани маълум қилинди

Ташанов эълон қилган ҳужжат нусхасига кўра, Қарши шаҳар прокуратураси терговчиси фуқаро Лазизжон Шариповнинг тан жароҳатлари бўйича суд-тиббий экспертиза тайинлаш ҳақида қарор чиқарган. Ҳужжатда экспертизага жароҳатларнинг мавжудлиги, оғирлик даражаси, келиб чиқиш механизми ва ҳолатларга мослигига аниқлик киритиш вазифаси юкланган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг иддао қилишича, адвокатга етказилган жароҳатлар бўйича экспертиза тайинланган бўлса-да, Жавоҳир Мўминовга нисбатан қўлланган қийноқ ҳолатлари бўйича текширувлар етарли даражада олиб борилмаяпти.

Ташановнинг билдиришича, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Омбудсмани хабардор қилинган ва материаллар журналистларга тақдим этилган. У, шунингдек, Бухоро вилоятида адвокат фаолиятига тўсқинлик қилингани ҳақидаги текширувлар давом этаётган бир вақтда мазкур воқеа содир бўлганини таъкидлаган.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа расмий идоралар ҳуқуқбоннинг мазкур иддаолари юзасидан расмий муносабат билдирмаган.

Мўминов атрофидаги баҳслар

Жавоҳир Мўминов Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири ҳисобланади. У бир неча йилдан бери фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши, қийноқлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ҳамда жиноят ишларидаги эҳтимолий қонунбузарликлар ҳақида маълумот тўплаб келган.

2026 йил бошларида Мўминов товламачиликда айбланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми билан қамоққа олинган. Тергов материалларига кўра, иш муқаддам Мажбурий ижро бюроси ходими томонидан дўппослангани айтилган Қарши шаҳри яшовчиси Жўра Акбаров билан боғлиқ воқеалар ортидан юзага келган. Мўминов ушбу ишда Акбаров манфаатларини ҳимоя қилиб келган.

«Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов эса Мўминовга нисбатан қўйилган айбловларни рад этиб, унинг ҳибсга олинишини ҳуқуқ ҳимояси фаолияти билан боғлаган. Ташановнинг таъкидлашича, Мўминов Қашқадарёдаги қатор жиноят ишлари, жумладан «сохта жабрланувчилар» ва эҳтимолий коррупция ҳолатлари ҳақида материаллар тўплаган. Ҳуқуқ фаолига кўра, бу маълумотлар маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига оид саволларни кун тартибига олиб чиққан.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Мўминовга нисбатан қўйилган айбловлар қонуний асосда олиб борилаётганини билдирган, Ташановнинг иддаолари юзасидан эса расмий муносабат эълон қилинмаган.

Теглар

Мавзуга оид