add

Қашқадарёда 300 MW қувватли қуёш фотоэлектр станцияси қурилади

Бугун 09:182 дақиқа

Лойиҳа ишга тушгач, станция йилигa 664 GWh электр ишлаб чиқариб, 60 минг хонадонни таъминлайди ва CО₂ чиқиндиларини 400 минг тоннагача камайтиради.

Қашқадарёда 300 MW қувватли қуёш фотоэлектр станцияси қурилади

Қашқадарё вилоятида қуввати 300 MW бўлган Қуёш фотоэлектр станцияси ва 75 MWhʼли энергия сақлаш тизимини қуриш ва эксплуатация қилиш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 195,5 миллион долларгача молиялаштириш пакети шакллантирилди.

Молиявий пакет Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан тақдим этиладиган 141,6 миллион долларлик асосий кредит ҳамда 25 миллион долларгача кафолатланган молиялаштиришдан иборат. Мазкур маблағлар «Masdar» компаниясига тўлиқ тегишли бўлган «Nur Kashkadarya Solar» махсус лойиҳа компаниясига ажратилади.

Лойиҳа доирасида халқаро ҳамкорлар иштирокида имтиёзли молиялаштириш ҳам жалб қилинади. Канада томонидан 20 миллион доллар, Финляндия томонидан эса 5 миллион доллар миқдорида маблағлар иқлим ўзгаришига қарши махсус жамғармалар орқали йўналтирилади. Япония–Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамкорлик жамғармаси ҳамда банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан яна 3,9 миллион долларгача қўшимча имтиёзли молиялаштириш тақдим этилади. Лойиҳани Осиё тараққиёт банки билан қўшма молиялаштириш ҳам режалаштирилган.

Ушбу ташаббус Ўзбекистон ҳукумати томонидан белгиланган ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан қўллаб-қувватланаётган қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш дастурига мос келади. Дастурга кўра, 2030 йилга қадар мамлакатда қуёш ва шамол энергетикаси қувватларини жами 25 GWга етказиш мақсад қилинган.

Қурилиш ишлари якунлангач, қуёш электр станцияси йилигa 664 GWh электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу тахминан 60 мингта хонадонни электр билан таъминлаш имконини бериб, йилига 400 минг тоннагача CО₂ чиқиндиларини камайтиришга хизмат қилади. Лойиҳанинг муҳим қисми бўлган 75 MWh қувватли батарея энергия сақлаш тизими электр тармоғининг барқарорлиги ва мослашувчанлигини оширади.

Теглар

Мавзуга оид