Logo

Қашқадарёда отанинг ўз қизига нисбатан зўравонлик қилгани ҳақидаги хабарлар текширилмоқда

Бугун 14:552 дақиқа

Vaqt.uz мухбири ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновадан изоҳ олди.

Қашқадарёда отанинг ўз қизига нисбатан зўравонлик қилгани ҳақидаги хабарлар текширилмоқда © Ijtimoiy tarmoqlar

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида вояга етмаган қиз ўз отаси томонидан мунтазам равишда жисмоний ва жинсий зўравонликка учраб келганини иддао қилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан юборилган мурожаат нусхаси Vaqt.uz таҳририятига ҳам келиб тушди.

Мурожаатда баён қилинишича, 1985 йилда туғилган фуқаро У.Д. (муқаддам судланган) спиртли ичимликлар таъсирида ўзининг вояга етмаган қизи — 2008 йилда туғилган Х.Д.га нисбатан давомли равишда зўравонлик ҳаракатларини содир этиб келган.

Шунингдек, гумонланувчи ушбу ҳолатни сир сақлаш мақсадида жабрланувчини оила аъзоларининг ҳаётига таҳдид қилиш орқали қўрқитиб келгани айтилади.

«Бу воқеалар туфайли бир неча бор ўз жонимга қасд қилмоқчи бўлдим. Бироқ онам ва кичик ёшдаги укаларимнинг хавфсизлиги учун узоқ вақт сукут сақлашга мажбур бўлдим», — дейди Х.Д ўз мурожаатида.

Бундан ташқари, аризада ота оиладаги бошқа вояга етмаган фарзандларига ҳам доимий равишда жисмоний тазйиқ ўтказиб келгани таъкидланган. Мурожаат муаллифи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ушбу ҳолатга қонуний баҳо беришни ва отани оталик ҳуқуқидан маҳрум этишни сўраган.

Ҳолат Болалар омбудсманининг ҳам назоратида

Вазият юзасидан Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Vaqt.uz'га расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, вояга етмаган Х.Д.нинг мурожаати Болалар омбудсмани томонидан алоҳида назоратга олинган.

Раҳмонованинг сўзларига кўра, вояга етмаган Х.Д. ва унинг қонуний вакили (онаси) Т.З. Косон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Ариза асосида 2026 йил 9-июндан буён терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида қуйидаги чоралар белгиланган:

Суд-тиббий экспертизаси;

Судга оид криминалистик экспертиза;

Суд-психологик экспертизаси тайинланган.

«Ҳозирда мазкур иш юритувида вояга етмаган жабрланувчининг манфаатлари ва процессуал ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан Болалар омбудсмани ўз ваколати доирасида кузатув олиб бормоқда», — дея таъкидлади Сурайё Раҳмонова.

Теглар

Мавзуга оид