«Qatar Airways» Ўзбекистондан минглаб мутахассисни ишга олишни режалаштирмоқда

Шунингдек, Ўзбекистонда Қатар стандартлари асосида тиббиёт ходимларини тайёрлаш дастури ҳам йўлга қўйилади.

«Qatar Airways» Ўзбекистондан минглаб мутахассисни ишга олишни режалаштирмоқда © Migratsiya agentligi axborot xizmati

Ўзбекистон Миграция агентлиги маълумотига кўра, агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев 5 май куни Амирлик меҳнат вазири Али бин Саид билан музокара ўтказди. Учрашувда тиббиёт, туризм, авиация ва IT каби талаб юқори бўлган соҳалар учун махсус тайёрлов курсларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида томонлар ишчи гуруҳ тузиш ҳамда Қатар Меҳнат ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олди. Шунингдек, Қатар стандартлари бўйича тиббиёт ходимларини тайёрлаш дастурини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон–Қатар меҳнат форуми

Ўзбекистон делегацияси «Jusour» давлат рекрутинг ташкилоти раҳбари Абдулҳади Баркан билан ҳам учрашди. Суҳбат давомида сентябр ойида 50 дан ортиқ иш берувчи иштирокида Ўзбекистон–Қатар меҳнат форумини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

«Qatar Airways» авиакомпанияси учун мутаҳассислар

«Qatar Airways» авиакомпанияси вице-президенти Фатҳи Атти иштирокидаги навбатдаги учрашувда эса авиакомпания июн ойи охиригача борткузатувчи, муҳандис ва аэропорт хизмати ходими каби юқори маошли лавозимлар учун 65 нафар номзодни саралаб олишни режалаштираётгани айтилди.

Келгусида авиакомпания парвоз ва муҳандислик ишлари, механика ҳамда электротехника соҳалари учун 1600 нафар олий маълумотли мутахассисни жалб қилиш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид