add

Қайси банклар харидлар учун фоизсиз кредит таклиф қилмоқда?

Бугун 12:342 дақиқа

Маълумотларга кўра, кредит карталари бўйича максимал лимит банкларга қараб 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача этиб белгиланган.

Қайси банклар харидлар учун фоизсиз кредит таклиф қилмоқда?

2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда еттита тижорат банки кредит карта хизматини таклиф этмоқда.

Ушбу карталар орқали мижозлар белгиланган имтиёзли давр мобайнида товар ва хизматлар учун фоизсиз тўлов қилиш имкониятига эга.

Маълумотларга кўра, кредит карталари бўйича максимал лимит банкларга қараб 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача этиб белгиланган.

Хусусан, Ипак Йўли банки, Ҳамкорбанк ва TBC Bank кредит карталарида энг юқори лимит 50 миллион сўмни ташкил этади. Агробанк, SQB, InFinBank ҳамда AVO Bank эса мижозларга 100 миллион сўмгача кредит лимитини тақдим этмоқда.

Кредит карталарнинг яна бир муҳим жиҳати — фоизсиз даврнинг мавжудлигидир.

Аксарият банкларда ушбу имтиёзли муддат 40–55 кунни ташкил этади. Агар мижоз шу вақт ичида сарфланган маблағни тўлиқ қайтарса, фоиз ҳисобланмайди. Белгиланган муддатда қарз ёпилмаган тақдирда эса банк шартларига мувофиқ фоиз қўлланилади.

Фоиз ставкалари банк ва карта турига қараб фарқ қилади. Масалан, AVO Bank кредит карталарида йиллик фоиз 27,9 фоиздан 74,9 фоизгача бўлиши мумкин. InFinBankда бу кўрсаткич 25,6–54,8 фоиз оралиғида. TBC Bankда максимал ставка 50 фоизни, Ипак Йўли банкида 42 фоизни, Ҳамкорбанкда 40 фоизни ташкил этади. Энг паст максимал фоиз ставкалари Агробанкда — 30 фоиз ва SQBда — 26,9 фоиз этиб белгиланган.

Кредит карталари бўйича минимал тўлов миқдори одатда ойига 5–10 фоиз атрофида белгиланади.

Шунингдек, аксарият банклар карта орқали нақд пул ечиш ёки ҳисобни тўлдириш имкониятини ҳам тақдим этмоқда, бироқ бундай операциялар фоизли ҳисобланади.

Теглар

Мавзуга оид