
Қирғизистон Конституциявий суди ўлим жазосини жорий этиш таклифи рад этди
Бунгача Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қирғизистонда болалар ва аёлларга қарши оғир жиноятлар учун ўлим жазосини тиклаш таклифини билдирган эди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров болаларни зўрлаш ва бу жиноят ортидан содир этилган қотилликлар учун ўлим жазосини қайта жорий этишни таклиф қилганди. Конституциявий суд 10 декабр куни ушбу ташаббусни кўриб чиқиб, уни қабул қилиш мумкин эмаслиги тўғрисида қарор чиқарди. Суд таклиф асосий қонуннинг яхлит тизимига, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳамда мамлакатнинг демократик тузумига таъсири бўйича комплекс баҳоланди.
Судга кўра, Қирғизистон конституцияси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида белгилайди ва уларни ҳимоя қилиш бўйича кафолатлар тизими асосий қонунни ўзгартиришда чегара вазифасини бажаради. Шу боис тамал ҳуқуқларни чекловчи ёки кафолатлар даражасини пасайтирувчи ўзгаришлар конституциявий тузум барқарорлигига зид ҳисобланади. Суд нон-регресс тамойили — инсон ҳуқуқларини пасайтиришга йўл қўймаслик зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, суд яшаш ҳуқуқининг устуворлигини ва ўлим жазосини тақиқлашнинг нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий аҳамиятга эга эканини қайд этган. Қирғизистон ратификация қилган халқаро шартномалар ҳам бундай жазони қайта жорий этишга йўл бермайди. Вена конвенциясига мувофиқ, давлат ўз ички қонунларига таяниб халқаро мажбуриятлардан воз кечиши мумкин эмас.
Конституциявий суд ушбу конституциявий тузатиш асосий қонунга зид эканини, ўлим жазосини қайтариш мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги ва ҳуқуқий жиҳатдан имконсизлигини хулоса қилди. Қарор мамлакатда инсон ҳуқуқларининг устуворлиги сақланишини яна бир бор тасдиқлади.
БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк ҳам Қирғизистон ҳукуматини ўлим жазосини тиклаш режасидан воз кечишга чақирган эди. Унинг фикрига кўра, бу чора жиноятчиликни камайтирмайди ва инсон ҳуқуқларига зиддир.





