add

Қирғизистон Нипаҳ вируси сабаб Ҳиндистондан ҳайвон импортини тўхтатди

29.01.2026 | 14:551 дақиқа

Қирғизистон ветеринария хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ҳиндистондан айрим ҳайвонлар ва ҳайвон маҳсулотларини олиб киришни тақиқлади.

Қирғизистон Нипаҳ вируси сабаб Ҳиндистондан ҳайвон импортини тўхтатди

Қирғизистон 28 январдан бошлаб Ҳиндистондан Нипаҳ вирусига моил бўлган ҳайвонлар ҳамда ҳайвон маҳсулотларини олиб киришни вақтинча тақиқлади.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, чеклов чоралари Ҳиндистон ҳудудида Нипаҳ вируси қайд этилгани билан боғлиқ. Вазирлик бу қарор ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлаш учун қабул қилинганини таъкидлаган.

Нипаҳ вируси ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. У асосан ҳайвонлар орқали инсонларга юқиши мумкин бўлиб, оғир клиник оқибатларга олиб келиши эҳтимоли юқори. Шу боис, вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида импорт чекловлари жорий этилмоқда.

Қирғизистон ветеринария хизмати фуқароларга келиб чиқиши номаълум бўлган чорвачилик маҳсулотларини сотиб олмасликни тавсия қилди. Шунингдек, бозор ва савдо нуқталаридан харид қилинган маҳсулотларда тегишли ветеринария ҳужжатлари мавжудлигига алоҳида эътибор бериш сўралган.

Маълум қилинишича, юзага келган эпизоотик вазият Қирғизистон Ветеринария, чорвачиликни ривожлантириш, яйлов ва озуқа хизмати томонидан доимий назоратга олинган. Масъул идоралар хавф даражасини баҳолаш ва зарур ҳолларда қўшимча чеклов чораларини жорий этишни давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нипаҳ вируси ўзи нима, қандай йўллар орқали юқади, Ўзбекистонда вируснинг тарқалиш эҳтимоли қанчалик юқорили ҳақида мақола эълон қилган эдик.

Теглар

Мавзуга оид