
Қирғизистон Ўзбекистондан транзит учун қўшимча тўловларни бекор қилишни сўради
Қирғизистон Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ҳаракатланувчи фуқароларидан ундирилаётган қўшимча тўловларни бекор қилиш ташаббусини илгари сурди.

Қирғизистон Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ҳаракатланаётган фуқароларидан автосуғурта ва тонировка қилинган автомобиллар учун ундирилаётган қўшимча тўловларни бекор қилишни сўради. Бу ҳақда маҳаллий «24.kg» нашри хабар берди.
Айни пайтда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масала бўйича Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб бормоқда. ТИВ раҳбари ўринбосари Алмаз Иманғозиев бу ҳақда Жогорку Кенеш йиғилишида маълум қилди. Депутатлар саволларига жавобан у масала ҳозирда ҳал этиш босқичида эканини таъкидлади.
«Қирғизистоннинг бир ҳудудидан бошқасига ўтиш учун Ўзбекистондан транзит ўтаётганда, асосан мамлакат жанубида шундай муаммо бор. Ҳайдовчиларимиздан автомобил суғуртасини сотиб олиш ва агар бўлса, тонировка учун тўлов талаб қилинади. Биз томонда бундай талаб йўқ. Балки қўшнилардан бу талабни бекор қилишни сўрармиз?», деди депутат Дастан Бекешев.
Қирғизистон қатъий огоҳлантирди
Алмаз Иманғозиевнинг маълум қилишича, мазкур илтимос Ўзбекистон томонига аллақачон етказилган ва ҳозирда у ерда давлатнинг ички қонунчилик ва тартиб-қоидалари доирасида кўриб чиқилмоқда.
«Агар Ўзбекистон томони яқин вақт ичида тарифларни бекор қилмаса, Қирғизистон томони Ўзбекистон фуқароларига нисбатан худди шундай тарифларни қўллайди» деди у.
Маълумот учун, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги қарорига мувофиқ, туси ўзгартирилган ойнага эга бўлган хорижий енгил автотранспорт воситалари мамлакатга вақтинча кириши ёки транзит ҳаракатланиши учун 15 АҚШ доллари миқдорида йиғим тўлайди.





