Logo

Қирғизистон сайлов кунини ҳақ тўланадиган дам олиш кунига айлантиришни режалаштирмоқда

Бугун 08:002 дақиқа

Қонун лойиҳасига кўра, ҳақ тўланадиган дам олиш куни ҳуқуқига фақатгина сайлов участкасига бориб, овоз берган фуқароларгина эга бўлади.

Қирғизистон сайлов кунини ҳақ тўланадиган дам олиш кунига айлантиришни режалаштирмоқда

Қирғизистонда президент ва Жогорку Кенеш депутатлари сайлови куни овоз беришда қатнашган барча ходимлар учун ҳақ тўланадиган дам олиш куни деб эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги қонун лойиҳасида белгиланган.

Парламент спикери Марлен Маматалиев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳужжатга кўра, сайловлар якшанба эмас, чоршанба куни ўтказилади. Ҳақ тўланадиган дам олиш куни ҳуқуқига фақатгина сайлов участкасига бориб, овоз берган фуқароларгина эга бўлади. Узрли сабабларсиз овоз беришда қатнашмаган шахслар учун бу кунга маош тўланмайди.

Иш берувчилар ва ходимлар учун янги тартиблар

Қонун лойиҳаси билан меҳнат муносабатларида қуйидаги ўзгаришларни жорий этиш таклиф қилинмоқда:

• Овоз бериш куни меҳнат қонунчилигидаги дам олиш ва таътил кунлари қаторига расман киритилади.

• Иш берувчиларга сайлов куни ходимларни ишга жалб қилиш тақиқланади (қонундаги айрим мустасно ҳолатлардан ташқари).

• Агар ходим шу куни барибир ишга жалб қилинса, унга икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ва қўшимча дам олиш куни тақдим этилади.

• Овоз бериш куни суғурта стажига тўлиқ календарь куни сифатида киритилиб, унга тегишли суғурта бадаллари давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Қонун лойиҳаси муаллифларининг билдиришича, мазкур ўзгаришлар сайловлардаги давоматнинг пастлигига ечим сифатида ишлаб чиқилган. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилги парламент сайловларида сайловчиларнинг 36,9 фоизи овоз берган. Ҳужжатнинг асослантирилувчи қисмида қайд этилишича, сайловларни якшанба куни ўтказиш фуқаролар фаоллигини таъминламаяпти, чунки аксарият аҳоли ўзининг ягона дам олиш кунини оилавий юмушлар ва саёҳатларга сарфлашни афзал кўради.

Теглар

Мавзуга оид

Қирғизистон сайлов кунини ҳақ тўланадиган дам олиш кунига айлантиришни режалаштирмоқда | Vaqt.uz