Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги онлайн лицензиялаш тизимини ишга туширади
Вазирлик раҳбари Дамирбек Осмонов қирғизистонликлар аллақачон асосий тиббий маълумотномаларни тўғридан-тўғри "Тундук" мобил иловаси орқали электрон шаклда олиш имкониятига эгалиги, шу билан бирга, вазирлик лицензия беришни автоматлаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳани амалга ошираётганини таъкидлади.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат тиббиёт соҳасини фаол равишда рақамлаштираётганини, фуқаролар ва бизнес учун қоғозсиз технологияларни жорий этилаётганини маълум қилдИ. Бу ҳақда вазирлик раҳбари Дамирбек Осмонов Ka нашрига маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, қирғизистонликлар аллақачон асосий тиббий маълумотномаларни тўғридан-тўғри "Тундук" мобил иловаси орқали электрон шаклда олиш имкониятига эга. Шу билан бирга, вазирлик лицензия беришни автоматлаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳани амалга оширмоқда, бу эса қоғозбозликни бутунлай йўқ қилиш ва тадбиркорларни вазирликка боришдан озод қилишга қаратилган.
“Илгари битта лицензия олиш учун ўртача 100 кун керак бўлган бўлса, энди ариза берувчилар Соғлиқни сақлаш вазирлигига боришлари шарт эмас. Клиника ёки дорихона очиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар электрон тарзда топширилади, бу жараённи сезиларли даражада соддалаштиради. Биз ушбу лойиҳани август ойи охирига қадар тўлиқ ишга туширишни режалаштирмоқдамиз”, деди Дамирбек Осмонов.