add

Қирғизистон телеканалларида эски кўрсатувлар ва рус тилидаги эфирлар чекланади

Бугун 17:552 дақиқа

Бишкек телеканаллар учун давлат тили улушини ошириб, русча эфирларни кескин чекламоқда.

Қирғизистон телеканалларида эски кўрсатувлар ва рус тилидаги эфирлар чекланади

Қирғизистон ҳукумат органлари мамлакатдаги телеканаллардан эфир вақтининг камида 60 фоизини қирғиз тилида олиб боришни қатъий талаб қилмоқда. Бу ҳақда Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Марат Тагаев телекомпаниялар билан учрашувда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, айрим хусусий каналлар талабни расман бажараётгандек кўрсатиш учун ўн йил олдин ишланган қирғизча дастурларни қайта-қайта эфирга узатмоқда, аммо янги маҳаллий контент яратмаяпти.

Расмийларнинг таъкидлашича, давлат хусусий телеканаллар фаолиятига тўсқинлик қилмоқчи эмас, бироқ қонун талаблари, айниқса давлат тилига оид меъёрлар сўзсиз бажарилиши шарт. Тагаев бу масалани томошабинлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан изоҳлади. Давлат томонидан каналларга қўшимча имконият сифатида «Қирғизфилм» ва «Қирғизсериал» фондларидан 400 дан ортиқ фильм, 40 та мултфильм ва 10 та сериал бепул тақдим этилган.

Телеканаллар феврал ойи охиригача ушбу муассасалар билан шартнома тузиб, қирғиз тилидаги контентни эфирга жойлаши керак. Акс ҳолда, йил охирига бориб ҳукумат томонидан чоралар кўрилиши огоҳлантирилди. Бу ўзгаришлар 2025 йил августда қабул қилинган қонунга таянади. Илгари қирғиз тилидаги контент учун талаб 50 фоизни ташкил этган эди.

Айни пайтда Қирғизистонда 42 та телеканал фаолият юритади. Улардан иккитаси — НТРК ва ЭЛТР тўлиқ давлат томонидан молиялаштирилади. Шунингдек, давлатлараро «Мир» телерадиокомпанияси ҳам бюджет ҳисобига ишлайди. 2026 йилда мамлакатда телерадио соҳасига давлат харажатлари 1,67 млрд қирғиз сўмигача оширилиши режалаштирилган.

Таҳлилчилар бу сиёсатни Бишкекнинг ахборот соҳасида «рус дунёси» таъсиридан босқичма-босқич узоқлашиш ҳаракати сифатида баҳоламоқда.

Теглар

Мавзуга оид