Қирғизистонда бензин ва дизел нархи йил бошидан бери қанчага ошди?
Мамлакат ёқилғининг 90 фоиздан ортиғини Россиядан импорт қилади. Шунинг учун Россия бозоридаги ҳар қандай ўзгариш Қирғизистондаги нархларга ҳам бевосита таъсир қилади.
© natemat.pl2026-йил июль ойида Қирғизистонда бензин ва дизел нархлари сезиларли даражада қимматлади. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Июль ойидаги нархлар ўзгариши
Июль давомида ёқилғи нархлари қуйидагича ошди:
АИ-95 бензини – 1 литри 88,87 сомдан (1,02 доллар) 108,49 сомга (1,24 доллар) кўтарилди. Яъни 19,62 сом ёки 22,1 фоизга қимматлади. АИ-92 бензини – 80,52 сомдан (0,92 доллар) 88,67 сомга (1,01 доллар) ошди. Бу 8,15 сом ёки 10,1 фоизлик ўсиш. Дизел ёқилғиси – 94,36 сомдан (1,08 доллар) 101,69 сомга (1,16 доллар) кўтарилди. Яъни 7,33 сом ёки 7,8 фоизга қимматлади.
2026-йил бошидан буён нархлар қандай ўзгарди?
Йил бошидан бери ёқилғи нархлари мунтазам ошиб бормоқда:
АИ-95 – 81,8 сомдан (0,94 доллар) 108,49 сомга (1,24 доллар) кўтарилди. Жами 26,69 сом ёки 32,6 фоизга ошган. АИ-92 – 76,44 сомдан (0,87 доллар) 88,67 сомга (1,01 доллар) чиқди. Бу 12,23 сом ёки 16 фоизлик ўсиш. Дизел – 81,21 сомдан (0,93 доллар) 101,69 сомга (1,16 доллар) кўтарилди. Яъни 20,48 сом ёки 25,2 фоизга қимматлаган.
Нега ёқилғи нархи ошди?
Қирғизистон ёқилғининг 90 фоиздан ортиғини Россиядан импорт қилади. Шунинг учун Россия бозоридаги ҳар қандай ўзгариш Қирғизистондаги нархларга ҳам бевосита таъсир қилади. 2026-йилнинг биринчи ярмида Россияда йирик нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефт базаларига Украина дронлари уюштирган ҳужумлар сабаб ёқилғи инқирози юзага келди. Оқибатда нефтни қайта ишлаш ҳажми камайди ва Қирғизистонга бензин импорти 12,9 фоизга қисқарди. Шу сабабли Россиядаги улгуржи ёқилғи нархлари кескин ошди.
Россия ҳукумати автомобил бензини экспортига қўйилган тақиқни 2027-йил 31-январгача узайтирди. Гарчи Қирғизистонга ёқилғи божхона тўловларисиз етказиб берилаётган бўлса ҳам, Россия бозорида маҳсулот камлиги сабабли қирғиз импортчилари бензинни қимматроқ нархда сотиб олишга мажбур бўлмоқда.
Бундан ташқари, аввалги ойларда қирғиз сомининг рублга нисбатан қадрсизланиши ҳам нархларнинг ошишига сабаб бўлди. Чунки ёқилғи бўйича улгуржи шартномалар Россия рублида тузилади. Яна бир омил — темирйўл ташиш харажатлари ва Қозоғистон орқали транзит нархларининг ошиши. Ёқилғи танқислиги сабаб Қирғизистон Россиядан ташқари Хитой ва Беларусдан ҳам ёқилғи олиб келишни кўпайтирди.
Энергетика вазири Олтинбек Рисбековнинг айтишича, Хитойдан автомобил транспортида ёқилғи ташиш Россиядан темирйўл орқали олиб келишга қараганда қимматроқ, шу сабабли бу харажат ҳам ёқилғининг чакана нархига қўшилмоқда. Июль ойида нархларнинг кўтарилишига қишлоқ хўжалиги мавсумининг авж олиши ва Иссиқкўл туризм мавсуми туфайли ички талабнинг ортгани ҳам таъсир кўрсатди. Монополияга қарши тартибга солиш хизмати маълумотига кўра, талаб юқори бўлгани ва ёқилғи захиралари чеклангани сабаб АЁҚШлардаги нархлар ошган.
Шунингдек, Қирғизистон ҳукумати АИ-95 бензини нархини давлат томонидан тартибга солишни бекор қилди. Бу қарор трейдерларга бошқа турдаги ёқилғи нархини сунъий ушлаб туришдан кўрилган зарарларни қоплаш имконини берди.





