Қирғизистонда жинсни ўзгартиришни тақиқлаш режалаштирилмоқда
Шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномалари ва шахсий ҳужжатлардаги жинс ҳақидаги ёзувларни алмаштиришга ҳам чеклов ўрнатилади.

Қирғизистонда жинсни ўзгартириш бўйича хирургик операциялар, гормонал терапия ва расмий ҳужжатлардаги жинсга оид маълумотларни ўзгартириш тақиқланиши мумкин. Бундай чекловларни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси бугун Жогорку Кенеш (парламент) томонидан биринчи ўқишда бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири, депутат Болот Сагинаевнинг сўзларига кўра, янги ҳужжат жинсни ўзгартириш мақсадида ўтказиладиган ҳар қандай тиббий аралашувларни тақиқлашни назарда тутади. Шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномалари ва шахсий ҳужжатлардаги жинс ҳақидаги ёзувларни алмаштиришга ҳам чеклов ўрнатилади. Бу ҳақда парламент йиғилишида маълум қилинди.
Истисно ҳолатлар ва қонуннинг мақсади
Қонунда фақат туғма жинсий ривожланиш аномалияларини даволаш ҳолатлари учун истисно сақлаб қолинади. Бундай вазиятларда ҳужжатларга ўзгартириш киритиш фақат тиббий комиссия хулосаси ва суд қарори асосидагина амалга оширилиши мумкин бўлади.
Ташаббускорларнинг таъкидлашича, лойиҳа анъанавий оилавий қадриятларни ҳимоя қилиш ва амалдаги тиббий маълумотномалар асосида ҳужжатларни ўзгартиришга имкон берувчи ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этишга қаратилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларининг йиғилишда маълум қилишича, Қирғизистонда ҳозирга қадар жинсни ўзгартириш бўйича бирорта ҳам операция расман рўйхатга олинмаган, туғма аномалиялар бўйича статистика эса умуман юритилмайди.
Аммо, аввалроқ «Хизмат» давлат муассасаси директори ўринбосари Эрнес Досалиев мамлакатда биринчи марта расмий ҳужжатлардаги жинс ҳақидаги маълумотни ўзгартириш бўйича мурожаат келиб тушганини билдирган эди. Жогорку Кенеш спикери ва қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Марлен Маматалиевнинг қайд этишича, айнан мана шу прецедент қонунчиликка тезкор ўзгартиришлар киритиш учун асосий сабаблардан бири бўлган.





