Қирғизистонда ОАВларга мажбурий рўйхатдан ўтиш талаби қўйилди: халқаро ҳамжамият бу қонуни «хавфли» деб атади
08.08.2025 | 18:0010 дақиқа
Расмийлар эса қонун ОАВнинг мустақил, рақобатбардош ва масъулиятли бўлишини таъминлашга хизмат қилади, дея таъкидламоқда.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 25 июнь куни парламент томонидан қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги янги қонунни имзолади. Расмийлар бу қонун ОАВнинг мустақил, рақобатбардош ва масъулиятли бўлишини таъминлашга хизмат қилади, дея таъкидламоқда.
Асосий ўзгаришлар қуйидагилар:
- Мажбурий рўйхатга олиш: Энди барча ОАВ — газеталар, телеканаллар, интернет сайтлари ва блоглар Адлия вазирлигининг махсус реестрига киритилади.
- Рухсат тартиби: Қайси ОАВ ишлашига рухсат бериш ёки рад этиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди. Бу орқали ҳукумат ОАВ устидан кўпроқ назорат ўрнатади.
- Ахборот манбаларини яшириш ҳуқуқи: ОАВ ахборот манбаларини ошкор қилмаслик ҳуқуқига эга бўлади. Фақат суд қарори билан бу маълумотлар очиқланиши мумкин.
- Хорижий сармоя чеклови: Чет эллик инвесторлар Қирғизистондаги ОАВда 35 фоиздан ортиқ улушга эга бўла олмайди.
- Туҳмат, ҳақорат ёки «сохта хабарлар» учун катта миқдорда жарималар белгиланди.
- Tik-Tok ва порнографик сайтлар тақиқланди.
- «Болаларни ҳимоя қилиш» ниқоби остида «ноанъанавий жинсий муносабатлар» ҳақида ахборотлар ҳам тақиқланмоқда.
- 2025 йил августдан бошлаб халқаро интернет-трафик устидан давлат монополияси ўрнатилади — бу эса интернетдан эркин фойдаланиш имкониятларини янада чеклаши мумкин.





