Қирғизистонда президентга бўйсунувчи Тергов қўмитаси тузилади

Қирғизистонда президент ташаббуси билан тергов ваколатлари марказлаштирилиб, кучишлатар идоралар фаолияти қайта шакллантирилади.

Қирғизистонда президентга бўйсунувчи Тергов қўмитаси тузилади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда кучишлатар тузилмаларини кенг кўламли ислоҳ қилишни эълон қилди. Унга кўра, бевосита давлат раҳбарига бўйсунувчи алоҳида Тергов қўмитаси ташкил этилади ва асосий тергов функциялари шу органга ўтказилади.

«Янги Тергов қўмитаси тузилади. Терговнинг асосий функциялари ўша ерга ўтади. Бош ва ҳарбий прокуратуралар эса, ўз навбатида, барча тузилмалар ҳаракатларининг қонунийлиги устидан назоратни амалга оширади», — деди Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган интервюсида.

Янги Тергов қўмитаси вазифаси

Президент амалдаги тизимда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлигида ҳам тезкор-қидирув хизматлари ва терговчилар мавжудлигини, уларнинг барчаси бир вазирга бўйсунишини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, айрим ҳолларда терговчиларга «хом» ёки етарлича асосланмаган ишларни қабул қилиш бўйича босим ўтказилиши мумкин.

Янги Тергов қўмитаси эса бевосита президентга ҳисобдор бўлади ва асоссиз материаллар бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этиши мумкин. Жапаров бу орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини сезиларли ошириш мумкинлигини билдирди. Унинг айтишича, ислоҳот адолатсиз равишда жавобгарликка тортилган шахсларни ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Янги тизим қачон ташкил этилади?

Ислоҳот келаси йилдан бошланиши режалаштирилган. Президент бинолар ва техник базани тайёрлаш, фармон чиқариш ҳамда тегишли қонун лойиҳаларини Жўқорғу Кенешга киритиш режасини маълум қилди. Қонунлар қабул қилингач, ташкилий ишлар бошланади.

Шунингдек, ислоҳот Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси фаолиятини ҳам қамраб олади. Жапаровнинг таъкидлашича, МХДҚ фақат разведка, контрразведка, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, терроризм, экстремизм, бандитизм ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш билан шуғулланади. Идора иқтисодиётга аралашмайди.

Теглар

Мавзуга оид

Қирғизистонда президентга бўйсунувчи Тергов қўмитаси тузилади | Vaqt.uz