
Қирғизистонда хусусий автомактаблар фаолияти тўхтатилади
2026 йилдан Қирғизистонда хусусий автомактаблар ёпилиб, ҳайдовчиликка тайёрлаш фақат давлат автомактабларида ёки умумтаълим мактабларидаги махсус курслар орқали амалга оширилади.

Қирғизистон ҳукумати 2026 йилдан бошлаб хусусий автомактаблар фаолиятини тўхтатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти ишлари бошқарувчиси Қанибек Туманбоев маълум қилди.
Туманбоевнинг сўзларига кўра, 2026 йилдан бошлаб ҳайдовчиликка ўқитиш фақат давлат муассасалари орқали ёки умумтаълим мактабларидаги махсус курслар орқали амалга оширилади. Давлат автомактабларида ўқиш муддати 14 ойни ташкил этиши кўзда тутилган. Таълим жараёнида ҳар уч ойда амалиёт машғулотлари ўтказилади. Бу қадам ҳайдовчиларни тайёрлашда сифатни ошириш ва йўл хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Шу билан бирга, октабр ойида Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев «Транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш фаолиятини лицензиялашга вақтинчалик тақиқ жорий этиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди.
Унга кўра, 2025 йил 20 октябрдан 2027 йил 31 декабргача хусусий автомактабларга лицензия бериш тўхтатилади. Бу чеклов давлат таълим муассасаларига тааллуқли эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегараларда чегарачилар хизматини бекор қилиш имкони ҳақида гапирган эди. Ташиевнинг сўзларига кўра, минтақадаги давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев, Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон — яратган сиёсий муҳит Марказий Осиёда чегара масаласини тўлиқ ишонч ва ҳамкорлик асосида ҳал этишга замин яратган.





