
Қамчибек Ташиев: «Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон сарҳадларига чегарачилар керак бўлмаслиги мумкин»
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиевнинг айтишича, Марказий Осиёдаги давлат раҳбарлари яратган ўзаро ишонч муҳити туфайли яқин келажакда чегарачилар хизматига эҳтиёж қолмаслиги мумкин.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегараларда чегарачилар хизматини бекор қилиш имкони ҳақида гапирган. Бу ҳақда у ҳамкасблари билан бўлган суҳбатида маълум қилган.
Ташиевнинг сўзларига кўра, минтақадаги давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев, Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон — яратган сиёсий муҳит Марказий Осиёда чегара масаласини тўлиқ ишонч ва ҳамкорлик асосида ҳал этишга замин яратган.
«Президентлар бизга шундай шароит яратиб бердиларки, энди фақат дўстликда яшашимиз керак. Бошқа йўлимиз йўқ», — деди Ташиев Манасда бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари чегара қўшинлари қўмондонлари кенгаши доирасидаги суҳбатда.
Суҳбат «тик оёқда туриб», яъни расмий мажлисдан ташқари ўтган бўлиб, у қўшни республикалар чегара идоралари раҳбарлари билан самимий мулоқот шаклида бўлиб ўтгани хабар қилинмоқда.
Марказий Осиёдаги мамлакатлар сўнгги йилларда чегара масаласидаги кўплаб келишмовчиликларни дипломатик йўл билан ҳал этишга эришган. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарани тўлиқ делимитация қилиш бўйича келишувни 2023 йилда имзолаган. Қирғизистон, шунингдек, Тожикистон билан ҳам бу борада келишувга эришган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қамчибек Ташиев Манас шаҳри келгусида мамлакат пойтахти бўлиши эҳтимолини истисно этмагани ҳақида хабар берган эдик.





