Logo

Қирғизистонда «яшил» энергия тушумининг 1 фоизи қишлоқларга берилади

Бугун 19:002 дақиқа

Қирғизистонда қайта тикланувчи энергия лойиҳаларидан тушган даромаднинг 1 фоизини маҳаллий бюджетларга йўналтириш жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Қирғизистонда «яшил» энергия тушумининг 1 фоизи қишлоқларга берилади

Қирғизистонда қуёш ва шамол электр станциялари манбалари соҳасида фаолият юритувчи компаниялар учун янги молиявий мажбурият жорий этилиши мумкин. Мамлакат Вазирлар маҳкамаси жамоатчилик муҳокамасига қуёш, шамол ва бошқа яшил энергетика объектлари операторлари томонидан электр энергияси сотишдан тушган даромаднинг 1 фоизини маҳаллий бюджетларга ўтказиш тартибини белгилайдиган қарор лойиҳасини тақдим этди.

Ҳужжатга кўра, тўлов миқдори қўшилган қиймат солиғи ва бошқа билвосита солиқлар ҳисобга олинмаган ҳолда электр энергияси сотишдан олинган тушум асосида аниқланади. Маблағлар ҳар ой ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20 санасидан кечиктирмай ўтказилиши лозим.

Маҳаллий бюджетларга маблағ

Лойиҳада тўловлар кечиктирилган тақдирда жарима ҳам назарда тутилган. Қарздорликнинг ҳар бир кечиктирилган куни учун қарз суммасининг 0,1 фоизи миқдорида пеня ҳисобланади.

Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари мазкур маблағларни ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, коммунал хўжаликни модернизация қилиш, энергия таъминоти тизимларини яхшилаш ҳамда ҳудудларни ободонлаштиришга сарфлаши мумкин бўлади.

Шунингдек, муниципалитетлар тушумларни алоҳида ҳисобга олиб бориши ва улардан фойдаланиш бўйича маълумотларни ҳар йили расмий веб-сайтларида эълон қилиши шарт қилиб белгиланмоқда.

Инвесторлар назорати кучаяди

Қарор лойиҳасига илова қилинган асосномада қайд этилишича, Қирғизистонда умумий қуввати бир неча гигаваттга тенг бўлган қайта тикланувчи энергия лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ҳукумат фикрича, янги механизм қуёш ва шамол электр станциялари жойлашган ҳудудлардаги аҳолига ушбу лойиҳалардан бевосита иқтисодий манфаат олиш имконини яратади. Маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилиши устидан назоратни Давлат солиқ хизмати амалга оширади. Агар инвесторлар тақдим этган маълумотлар солиқ ҳисоботлари билан фарқ қилса, фискал органлар маълумотлари устувор ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам қуёш панеллари ўрнатган тадбиркорлар ортиқча электр энергиясини давлатга сотиш тарифи 1 kWh учун белгиланган 800 сўмлик нарх 250 сўмга туширилиши мумкин. Бу масала Ўзбекистон Либерал-демократик партия ташкил этган медиамулоқот давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилди.

Теглар

Мавзуга оид