Қишга тайёргарлик: 120 минг тонна бензин захираси яратилади
Президент Шавкат Мирзиёевга 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия билан таъминлаш бўйича режалар тақдим этилди.
© Foto: president.uzШавкат Мирзиёев нефт-газ тармоғининг навбатдаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари ҳақидаги ахборот билан танишди. Унда аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича чоралар кўриб чиқилди.
Мутасаддиларга табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш, газ тармоқларини таъмирлаш, ёқилғи захираларини шакллантириш ҳамда авария-тиклаш бригадалари тайёрлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Режага кўра, мавсумга қадар магистрал газ қувурларининг 53,7 километр нуқсонли қисми алмаштирилади. Шунингдек, компрессор станцияларидаги 77 та газ ҳайдаш агрегати мукаммал таъмирдан чиқарилади.
Газ тизими янгиланади
Газ таъминотидаги йўқотишларни камайтириш мақсадида 881 та маҳалладаги 220 минг хонадон уч босқичли тақсимлаш тизимидан икки босқичли тизимга ўтказилади.
Бундан ташқари, 711,9 километр газ тармоғи ва 400 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланади ҳамда реконструкция қилинади.
Куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий объектларга 325,7 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Бориш қийин бўлган 229 та қишлоқдаги 104,7 минг истеъмолчи учун 8,2 минг тонна газ ажратилади.
Энергия захираси тайёрланади
Қиш мавсуми учун ёқилғи захираларини шакллантириш ишлари ҳам бошланган. Декабр-январ ойларига 120 минг тонна автобензин захираси яратиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, иссиқлик электр станцияларига мавсум давомида 4 миллион 161 минг тонна кўмир етказиб бериш прогноз қилинган.
«Ўзбекнефтгаз» тизимидаги корхоналарда эса 90 та технологик қурилма таъмирланади.
Президент мутасаддиларга тайёргарлик ишларини ўз вақтида якунлаш ва аҳолига энергия ресурсларини барқарор етказиш бўйича топшириқлар берди.





