add

Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилади

Аграр тармоқда илмий салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва тадқиқотларни чуқурлаштириш учун Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилиши маълум қилинди.

Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлагандек, аграр йўналишда 22 та илмий марказ ва 260 та лаборатория фаолият юритиб, юзлаб олимлар замонавий тадқиқотлар билан шуғулланмоқда. Янгидан ташкил этилган академия ушбу салоҳиятни бир йўналишга бирлаштириб, фундаментал ва амалий илмий ишланмаларни ривожлантиришга масъул бўлади.

«Мен бир гапни такрор айтишдан чарчамайман. Илм ва изланиш бўлмаган соҳада ривожланиш ҳам, юксалиш ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди», – деди давлат раҳбари.

Соҳада кадрлар тайёрлаш тизими ҳам такомиллаштирилмоқда. Ўтган йили 4 та институт негизида ташкил этилган Қишлоқ хўжалиги кадрларининг малакасини ошириш институтида ҳар йили 8 мингдан ортиқ фермер, деҳқон ва кластер ходимлари замонавий агротехнологиялар бўйича тайёргарликдан ўтмоқда. Бу билим ва кўникмаларни амалиётга тезкор жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Голландия, Испания, Италия, Туркия ва Хитойдан тажрибали агрономлар жалб қилиниб, маҳаллий мутахассисларни янгиликлардан доимий хабардор қилиб борувчи тизим ташкил этилмоқда. Бу орқали халқаро тажрибанинг бевосита ўрганилиши таъминланади.

Қўшимча равишда, пахта-ғалла, мева-сабзавот ва экспорт йўналишида фаолият юритувчи 500 нафар энг илғор фермер, боғбон ва экспортчи Хитой, Туркия, Голландия ва Францияда малака ошириш имкониятига эга бўлади. Давлат уларнинг йўлкира ва меҳмонхона харажатларини тўлиқ қоплаб бериши белгиланди. Ташаббуснинг мақсади – маҳаллий аграр тадбиркорларни халқаро мезонларга мос билим ва тажриба билан таъминлаш.

Теглар

Мавзуга оид