add

Қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати даромадли ёндашув асосида ҳисобланади

28.11.2025 | 09:551752 дақиқа

Янги низомга кўра, қишлоқ хўжалиги ерларининг қиймати ҳосилдорлик, тупроқ сифатини баҳолаш ва рентабелликка асосланган даромадли ёндашув орқали аниқланади.

Қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати даромадли ёндашув асосида ҳисобланади

Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг норматив қийматини аниқлаш бўйича янги тартибни тасдиқлади. 26 ноябр куни қабул қилинган 744-сонли қарорга мувофиқ, махсус низом орқали мазкур жараённи стандартлаштириш ва ягона методология асосида баҳолаш вазифаси белгилаб берилди. Янгиланган талаблар қишлоқ хўжалиги ерларини аниқ баҳолаш, улардан оқилона фойдаланиш ва давлат кадастри маълумотларини янада аниқлаштиришга қаратилган.

Низомга кўра, ернинг норматив қиймати бир қатор муҳим кўрсаткичлар – ер кадастри маълумотлари, тупроқнинг бонитет балли, экилган экинлар тузилиши ва иқтисодий самарадорлик мезонлари асосида ҳисобланади. Баҳолаш жараёни фойда ва рентабелликни инобатга олган даромадли ёндашув орқали амалга оширилади. Бу ёндашув ернинг иқтисодий қайтарими ва реал қийматини аниқроқ кўрсатишга хизмат қилади.

Янги тартибга мувофиқ, давлат ер кадастрида барча янгиланган қийматлар акс эттирилади. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг тасарруфидаги барча ер майдонлари норматив қийматни аниқлаш объекти сифатида белгиланди. Ҳисоб-китоб ишларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институти амалга оширади.

Ҳар бир ишлаб чиқарувчи бўйича экин майдонлари ва баҳоланган ерларга оид норматив қийматни ўз ичига олган махсус маълумотнома тайёрланади. Бу ҳужжат Солиқ қўмитасига «Электрон ҳукумат» тизими орқали юборилади ва кейинчалик тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчига етказилади. Ҳисоб-китоб натижалари минг сўмгача аниқликда расмийлаштирилиши белгиланган.

Мазкур тартиб қишлоқ хўжалиги ерлари билан боғлиқ молиявий операцияларни шаффофлаштириш, кадстр маълумотларини тўлиқлаштириш ва ердан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид