Қон маҳсулотлари билан ишлашда янгича назорат тизими йўлга қўйилади
Қон маҳсулотлари хавфсизлиги, сифат назорати ва донорликни ривожлантиришга қаратилган янгича тартиб амалга оширилади.

Ўзбекистонда қон билан ишлаш хизматини тубдан такомиллаштиришга қаратилган янги тизим жорий этилади. Бу «2026–2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида белгилаб қўйилди.
Хавфсизлик ва бизнес жараёнларини стандартлаштириш
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 октябрдан қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлашга қаратилган стандарт операцион жараёнлар ҳамда хавфсизлик баённомалари жорий этилади. Барча техник ва тиббий жараёнлар ягона талаблар асосида тартибга солинади. Шунингдек, “эҳтиёж – қайта ишлаш – етказиш” занжири доирасида бизнес жараёнларини бошқариш тизими йўлга қўйилиб, логистика ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги оширилади.
Электрон ҳисоб ва икки босқичли скрининг
2027 йил 1 мартдан «Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш» ахборот тизими ишга туширилади. У орқали қон ва унинг таркибий қисмларининг ҳаракати тўлиқ рақамлаштирилади. Бундан ташқари, 2026 йил 1 октябрдан қон маҳсулотларини мажбурий тарзда икки босқичли скрининг текширувидан ўтказиш амалиёти жорий этилади. Бу хавфли инфекциялар билан боғлиқ таваккалчиликларни кескин камайтиришга хизмат қилади.
Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш
Қарорда беғараз қон донорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2026 йил 1 январдан ҳар ой «Бирга ҳаётни сақлаймиз» миллий донорлик акцияси ўтказилади. Донорлик кунлари таълим, даволаш муассасалари ва меҳнат жамоаларида ташкил этилади, ҳарбий хизматчилар ўртасида эса йилда камида бир марта махсус тадбирлар ўтказилади. Шу билан бирга, туғруқда тиббий ёрдам кўрсатувчи ҳар бир муассасада қон ва унинг таркибий қисмларининг шошилинч захираси шакллантирилиши белгиланди.





