add

Қора денгиз соҳилидаги ягона Россия нефтни қайта ишлаш заводи ишини тўхтатди

Туапседаги «Роснефт» нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятини тўхтатди. Сабаби — Украина дронларининг зарбалари.

Қора денгиз соҳилидаги ягона Россия нефтни қайта ишлаш заводи ишини тўхтатди

Россиянинг Туапсе шаҳридаги «Роснефт» нефтни қайта ишлаш заводи 3 ноябр куни шаҳар портига пилотсиз учиш аппаратлари (ПУА) ҳужумидан сўнг нефтни қайта ишлашни тўхтатишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Reuters соҳадаги иккита манба ва LSEG маълумотларига асосланиб, хабар бермоқда.

2 ноябр куни Краснодар ўлкаси оператив штаби ПУА парчалари қулаши оқибатида Туапсе портидаги нефт қуйиш терминали инфратузилмаси ва иншоотларига, шунингдек, иккита хорижий фуқаро кемасига зарар етганини маълум қилди. Сунъий йўлдош тасвирлари қирғоқ яқинида тахминан 3,6 километр узунликдаги нефт тўкилиши содир бўлганини кўрсатди.

LSEG маълумотларига кўра, ҳужум пайтида Туапсе порти терминалларида нафта, дизел ёқилғиси ва мазут юклаш учун учта танкер тўхтаган эди.

5 ноябр ҳолатига кўра, барча танкерлар бандаргоҳлардан узоқлаштирилган ва порт яқинида лангар ташлаган. Reuters манбаларига кўра, танкерлар бандаргоҳдан олиб кетилгач, денгиз порти терминаллари текширилиб, зарарга баҳо берилади.

Йиллик қуввати 12 миллион тонна нефт бўлган Туапсе нефтни қайта ишлаш заводи Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги ягона завод бўлиб, ноябрь ойида ПУА зарбаси туфайли тўхтаган биринчи завод бўлди. Октабр ойи охирида дронлар туфайли мамлакатдаги энг йирик ва Москва минтақасини ёқилғи билан таъминлайдиган "Роснефт"нинг Рязан нефтни қайта ишлаш заводи қувватининг тўртдан бир қисмини йўқотди.

19 октябр куни йиллик қуввати 8,3 миллион тонна бўлган "Роснефт"нинг Новокуйбишев нефтни қайта ишлаш заводи нефтни бирламчи қайта ишлашни тўхтатди. 4 октябр куни Ленинград вилоятидаги йиллик қуввати 22 миллион тонна бўлган «Киришинефтеоргсинтез» заводи қувватининг 40 фоизини йўқотди.

OilX ҳисоб-китобларига кўра, октябр ойида Россиядаги ҳар учинчи нефтни қайта ишлаш заводини зарарлашга муваффақ бўлган ПУА зарбалари туфайли мамлакатда нефтни қайта ишлаш ҳажми июль ойига нисбатан 10 фоизга, кунига 4,86 миллион баррелгача камайган.

Ўтган йилнинг октябрига нисбатан нефтчилар қайта ишлашни 5 фоизга, урушдан олдинги 2021 йилнинг шу ойи билан таққослаганда эса 14 фоизга ёки кунига 794 минг баррелга қисқартирди. Натижада, ҳажмлар камида сўнгги 5 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушди.

Теглар

Мавзуга оид

Қора денгиз соҳилидаги ягона Россия нефтни қайта ишлаш заводи ишини тўхтатди | Vaqt.uz