Қўриқлаш департаменти ходимларига жарима қўллаш ваколати берилади

Бугун 15:151 дақиқа

Сенат тасдиқлаган янги қонунга кўра, Қўриқлаш департаменти ходимлари айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарима қўллаш ҳуқуқига эга бўлди.

Қўриқлаш департаменти ходимларига жарима қўллаш ваколати берилади © Oliy Majlis Senati

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Қўриқлаш фаолиятини такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Мазкур ҳужжат жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга қаратилган.

Энди Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ходимлари ҳам айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий чора кўриш ваколатига эга бўлади.

Аввал бу ҳуқуқ асосан профилактика инспекторларига тегишли эди.

Хусусан:

Жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш;

Дарахтларни ноқонуний кесиш ва шикастлаш;

Ноқонуний ов қилиш ва балиқ овлаш;

Бошқа турдаги экологик қоидабузарликларга нисбатан чора кўриши мумкин.

Ўзгартириш киритиладиган қонунлар

Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, шунингдек «Ички ишлар органлари тўғрисида», «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида» ва «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилади.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор енгилликлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш соҳасида лицензиялаш тартиби бекор қилиниб, унинг ўрнига хабардор қилиш тартиби жорий этилди. Ушбу жараён бўйича ваколат Ички ишлар вазирлигига ўтказилади.

Ялпи мажлис якунида қонун сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Теглар

Мавзуга оид