Logo

Қозоғистон буғдой импортини ярим йилга тақиқлади

Бу чеклов асосан Россиядан кириб келаётган арзон буғдойга қарши қаратилган бўлиб, Қозоғистон ўз деҳқонларини ҳимоя қилиш ва омборларни ўзининг янги ҳосили учун бўшатишни мақсад қилган.

Қозоғистон буғдой импортини ярим йилга тақиқлади © Asia-Plus

Қозоғистон ҳудудига буғдой олиб кириш олти ой муддатга тақиқланди. Бу ҳақдаги тегишли буйруқ мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров томонидан имзоланган.

Мазкур ҳужжат 2026 йилнинг 27 июлидан эътиборан кучга киради. Унга кўра, учинчи давлатлар ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатларидан автомобил, сув ва темирйўл транспорти орқали буғдой импорт қилиш тўхтатилади.

Қоиданинг истиснолари ҳам мавжуд. Жумладан, паррандачилик ва донни қайта ишлаш корхоналари, лицензияга эга элеваторлар ҳамда «Озиқ-овқат шартнома корпорацияси» миллий компанияси учун темирйўл орқали буғдой олиб киришга рухсат берилади. Шунингдек, мазкур чекловлар Қозоғистон ҳудуди орқали бошқа давлатларга транзит қилинадиган дон маҳсулотларига тааллуқли эмас.

Тақиқ сабаблари

«Интерфакс» нашрининг Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Азат Султанов сўзларига таяниб хабар беришича, бу чекловлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва маҳсулотларнинг барқарор сотилишини таъминлаш мақсадида жорий қилинмоқда.

Шунингдек, қарор Россияда кузги ҳосил йиғим-терими бошлангани ва Қозоғистоннинг ўзида аввалги йилдан қолган дон захиралари катта ҳажмни ташкил этаётгани билан изоҳланган. Янги ҳосил учун элеваторларни бўшатиш ҳамда ички бозорни рағбатлантириш зарурати юзага келган. Тақиқ жорий этишга Ташқи савдо сиёсати бўйича идоралараро комиссиянинг хулосаси асос қилиб олинган.

Теглар

Мавзуга оид