
Қозоғистон бурқа кийганларни жазоламоқчи
Ушбу қарор диний эътиқодларни чеклаш учун эмас, балки жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани таъкидланган.

Қозоғистонда юзни ёпиб, уни таниб олишга тўсқинлик қиладиган (ниқоб) кийим кийганлик учун жавобгарлик жорий этилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистон Мажлиси давлат раҳбарининг топшириғи асосида тайёрланган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги ягона қонунни иккинчи ўқишда қабул қилган.
Қонунга мувофиқ, жамоат жойларида юзни тўсадиган ёки шахсни таниб олишни қийинлаштирадиган кийимлар, жумладан ниқоблардан фойдаланиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Биринчи марта қоида бузилса, фуқаро огоҳлантирилади. Такроран содир этилган ҳолларда эса энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида — 2025 йил ҳисобида 39 минг тенге (80 долларга яқин)дан ортиқ жарима қўлланилади.
Маълумот учун, бу каби чекловлар Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам амалга татбиқ этилган. Қирғизистонда 2025 йил январда шундай қонун қабул қилинган бўлиб, у “шаҳсни аниқлаш имконини бермайдиган” кийимларни тақиқлайди. Тожикистонда 2024 йил июнда миллий «маданиятга хилоф» деб ҳисобланган кийимларни сотиш ва кийиш тақиқланган. Ўзбекистон эса бундай тақиқни 2023 йилдаёқ жорий этган эди.





