Қозоғистон Эрон урани масаласида кўмак таклиф қилди

Остона атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, Эрон урани билан боғлиқ эҳтимолий қарорлар МАГАТЭ ва халқаро келишувлар доирасида қабул қилиниши кераклигини қайд этди.

Қозоғистон Эрон урани масаласида кўмак таклиф қилди © prensalibre

Қозоғистон Эрон урани билан боғлиқ масалада кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди, аммо якуний қарор халқаро келишувларга боғлиқ. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ерлан Жетибаев маълум қилди.
Жетибаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Эрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни диққат билан кузатмоқда ва атом энергиясидан фақат тинч мақсадларда ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги назорати остида фойдаланилишини қўллаб-қувватлайди.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистон бошқа қатор давлатлар билан биргаликда мазкур масалани ҳал этишда ёрдам беришга тайёр, бироқ бу фақат музокараларда иштирок этаётган барча томонлар розилигига боғлиқ.

«Қозоғистонни ҳам ўз ичига олган бир қатор давлатлар, барча жалб этилган томонлар ўртасида тегишли халқаро келишувларга эришилган ва масала амалий босқичга ўтган тақдирда, эзгу ният асосида техник кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди», – деди Жетибаев.

Қозоғистондаги уран банки

Шунингдек, у Қозоғистон ҳудудида МАГАТЭга тегишли Паст бойитилган уран банки жойлашганини эслатди. Ушбу банк тинч атом дастурлари учун ядровий ёқилғининг захира манбаи вазифасини бажаради.

«Биз ўз позициямиз ва тайёрлигимизни билдирдик. Яна бир бор такрорлайман, бу тегишли келишувларга эришилган тақдирдагина амалга оширилади», – деди ТИВ расмий вакили.

Охирги конференция

Яқинда МАГАТЭ директори Рафаэл Гроссининг Қозоғистонга ташрифидан сўнг мамлакат Эрон уранини қабул қилишга тайёрлигини билдирган эди.

Аввалроқ эса Ню Йоркдаги БМТ штаб-квартирасида Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартноманинг 11-кўриб чиқиш конференцияси якунлангани хабар қилинди. Қарийб тўрт ҳафта давом этган муҳокамаларда турли мамлакатлар делегациялари глобал ядровий хавфсизлик келажагини муҳокама қилди, аммо якуний ҳужжат бўйича келишувга эриша олмади.

Теглар

Мавзуга оид