Қозоғистон Германияга нефт экспорт қилиш учун «Дружба»нинг муқобилини топди

Бугун 18:002 дақиқа

Апрел охирида «Дружба» қувурининг шимолий тармоғида етказиб беришда узилишлар кузатилгани маълум бўлди. Шунинг учун Қозоғистон бошқа йўл билан нефтини Германияга экспорт қилмоқчи.

Қозоғистон Германияга нефт экспорт қилиш учун «Дружба»нинг муқобилини топди © Foto: rbc.ru

Қозоғистон нефти Германияга Россиянинг Ленинград вилоятидаги Уст-Луга порти ва Каспий қувур консорциуми (КҚК) тизими орқали йўналтирилади. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги расмий вакили Асел Серикпаева маълум қилди. Гап «Дружба» қувури орқали ташилиши керак бўлган 260 минг тонна хомашё ҳақида кетмоқда, деб ёзади «Orda.kz».

«Дружба» тизими орқали Германия (Шведт НПЗ) йўналишида 2026-йил май ойи учун транзит графигига тузатиш киритилиши муносабати билан, вазирлик 260 минг тонна нефт экспорт ҳажмларини режавий қайта тақсимлаш ҳақида маълум қилади», – деди Серикпаева.

Унинг сўзларига кўра, 100 минг тонна нефт Уст-Луга порти орқали, 160 минг тоннаси эса КҚК орқали йўналтирилади. Бу схема юк юборувчилар билан келишилган ва операцион характерга эга. Маршрут ўзгариши йиллик 98 млн тонна миқдоридаги режавий қазиб олиш ҳажмига таъсир қилмайди.

«Дружба»даги узилишлар

Апрел охирида «Дружба» қувурининг шимолий тармоғида етказиб беришда узилишлар кузатилгани маълум бўлди. 22-апрелда вазиятга Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженов изоҳ бериб, мамлакат ўша пайтда Россиядан расмий билдириш олмаганини, аммо норасмий каналлар орқали инфратузилмага қилинган зарбалар туфайли узилишлар ҳақида хабардор бўлганини айтди. Кейинчалик Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков транзит вақтинча тўхтатилганини тасдиқлаб, Қозоғистон манфаатлари алтернатив йўналишлар орқали таъминланишини маълум қилди.

Қозоғистондан Германияга нефт экспорти

2023-йилдан буён Қозоғистон нефти Қашаган, Қарачаганоқ ва Тенгиз конларидан Германиянинг Шведт шаҳридаги НПЗга экспорт қилинмоқда. Бу завод 2022-йилгача Россиянинг «Роснефт» компаниясига тегишли бўлган, ҳозир эса Германия ҳукумати бошқарувида. Шу давр ичида етказиб бериш ҳажми йилига 1,2 млн тоннадан 2026-йил учун режалаштирилган 2,5 млн тоннагача ошган.

Етказиб бериш «Дружба» қувурининг Россия, Беларус, Полша ва Германия орқали ўтадиган шимолий тармоғи орқали амалга оширилади. 2022-йилдан бу тармоқ фақат Қозоғистон нефти учун ишлатилмоқда, жанубий тармоқ орқали эса Россия нефти Венгрия ва Словакияга етказилмоқда. Ҳозир Европадаги фақат шу икки давлат Россия нефтини харид қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид