add

Қозоғистон ҳарбий заводларни НАТО стандартларига ўтказмоқда

Кеча 18:091532 дақиқа

Қозоғистон ASPAN миллий лойиҳаси доирасида НАТО стандартларига мос ҳарбий заводлар қуриб, артиллерия ўқ-дорилари ишлаб чиқаришда импортга қарамликни камайтиришни режалаштирмоқда.

Қозоғистон ҳарбий заводларни НАТО стандартларига ўтказмоқда

Қозоғистон ҳукумати ASPAN миллий лойиҳаси doirasida артиллерия снарядлари ва миналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган тўртта янги завод қуришни режалаштирмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 1 млрд АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Moscowtimes.ru нашри маълумотларига кўра, янги корхоналар НАТО стандартларига тўлиқ мос ишлаб чиқаришни таъминлайди. Бу Қозоғистон армиясининг ўқ-дори таъминотида ташқи манбаларга қарамлигини сезиларли даражада камайтиришга қаратилган.

RTVI’га интервью берган юқори лавозимли қозоғистонлик ҳарбийга кўра, мамлакат узоқ йиллар давомида на артиллерия снарядлари, на ўқотар қуроллар учун патронлар ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган. Натижада ҳарбий қобилият асосан совет давридан қолган захиралар ва Россия ҳамда собиқ иттифоқ давлатларидан етказиб бериладиган маҳсулотларга боғлиқ бўлиб қолган.

Заводлар қурилиши билан Great Sky компанияси шуғулланмоқда. Компания раҳбарияти таъкидлашича, Қозоғистонда ўқ-дори ишлаб чиқариш учун зарур барча хомашё — металл, пахта, кимёвий моддалар мавжуд. ASPAN лойиҳаси доирасида НАТО стандартларидан ташқари, Россия андозаларидаги 82 мм, 120 мм, 122 мм ва 152 мм калибрли ўқ-дорилар ҳам ишлаб чиқарилади.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги янги заводлар ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаш билан бирга, келажакда экспорт имкониятларини ҳам очишини кутмоқда. Бироқ ҳозирча мамлакатда ҳарбий маҳсулот экспортига тўлиқ тақиқ амал қилади. Шу билан бирга, Россия Қозоғистоннинг энг йирик ҳарбий-техник ҳамкори бўлиб қолмоқда, аммо Ғарб стандартларига мослашув дастурлари улуши босқичма-босқич ортиб бормоқда.

Теглар

Мавзуга оид