Қозоғистон Россия электридан воз кечишини маълум қилди

Бугун 09:092 дақиқа

Қозоғистон янги энергетика қувватларини ишга тушириш орқали 2027 йилдан Россия электр энергияси импортидан тўлиқ воз кечмоқчи.

Қозоғистон Россия электридан воз кечишини маълум қилди © Getty images

Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Сунгат Есимхановга кўра, режалаштирилган барча энергетика объектлари ўз вақтида ишга туширилса, мамлакат Россия электр энергиясисиз ҳам ишлай олади. Бунинг учун атом электр станцияси қурилиши тугалланишини кутиш талаб этилмайди.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Қозоғистонда 123,1 миллиард kW/h электр энергияси ишлаб чиқарилган. Истеъмол эса 124,6 миллиард kW/hни ташкил этган. Ҳозирда мамлакат электр танқислигининг бир қисмини Россия импорти орқали қопламоқда. Шу билан бирга, сотиб олинган электр энергиясининг маълум қисми Қирғизистонга қайта экспорт қилинаётгани ҳам маълум қилинди.

Россия ўрнига Сингапур

Апрел ойида «Самрук-Энерго» раҳбари Ғайрат Мақсудов Қозоғистон учта иссиқлик электр станцияси қурилиши учун Россия ўрнига Сингапур компанияларини танлаганини маълум қилганди. Семей, Уст-Каменогорск ва Кўкчатов шаҳарларида қуриладиган объектлар мамлакат энергетик мустақиллигини кучайтиришга хизмат қилиши айтилмоқда.

Кўкчатов шаҳридаги лойиҳа Россия иштирокисиз бошланган. Расмийлар бунга Москва томонидан имтиёзли молиялаштириш бўйича кафолатлар тақдим этилмаганини сабаб қилиб кўрсатган.

Шунингдек, Қозоғистон 2026–2030 йилларга мўлжалланган миллий дастур доирасида саккизта янги электр станцияси қуриш ва 11 тасини модернизация қилишни режалаштирган. Бу орқали электр ишлаб чиқариш ҳажми ва самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Илк атом электр станцияси

Айни пайтда Россия ва Қозоғистон мамлакатдаги илк атом электр станциясини қуришни бошлаган. Унинг 2035–2036 йилларда ишга туширилиши режалаштирилган. Қозоғистон келажакда жами учта АЭС қуришни мақсад қилган бўлиб, улардан бири Хитой иштирокида барпо этилади.

Эслатиб ўтамиз, Сунгат Есимханов мамлакатда электр энергияси нархлари ўртача 4–5 фоизга ошиши эҳтимоли борлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, тарифларнинг ошиши энергетика компанияларининг қарзлари билан боғлиқ бўлиб, уларнинг умумий ҳажми 37 млрд тенгедан (80 минг доллар) ортиқ.

Теглар

Мавзуга оид