add

Қозоғистон Россия нефтининг Хитойга транзитини тўхтатиши мумкин

Кеча 08:072292 дақиқа

АҚШнинг «Роснефт»га нисбатан санкциялари туфайли Қозоғистон орқали Хитойга ўтадиган Россия нефтин транзити хавф остида қолди. Қарорни АҚШ Молия вазирлиги белгилайди.

Қозоғистон Россия нефтининг Хитойга транзитини тўхтатиши мумкин

Қозоғистон орқали Хитойга чиқадиган Атасу–Алашанкоу нефт қувури орқали Россия нефтини етказиб бериш санкция фонида ноаниқ аҳволга тушди. RTVI манбаларига кўра, «Роснефт» ушбу тармоқ орқали йилига 10 млн тонна нефтни Ғарбий Сибирдан Хитойга экспорт қилади. Миллий оператор «Kaztransoil» 2023 йилда тузилган шартнома асосида ҳар тонна учун 15 доллар транзит тўлови олади.

Октябр ойида АҚШ «Роснефт»га нисбатан блокловчи санкциялар жорий қилиб, компания билан ҳар қандай операцияларни тақиқлади. Шу муносабат билан Қозоғистон Энергетика вазирлиги Вашингтонга расмий тушунтириш сўраб мурожаат йўллади. Агар АҚШ Молия вазирлиги умумий лицензия берса ва қувурни санкциялардан мустасно қилса, етказиб бериш ҳажмлари ўзгармайди. Лицензия берилмаса, Қозоғистон икки вариант олдида қолади: транзитни тўхтатиш ёки «Kaztransoil»га нисбатан иккиламчи санкция хавфини қабул қилиш.

Манбаларига кўра, Қозоғистон Ғарб билан музокараларда мамлакат «олдиндан олган халқаро мажбуриятларига амал қилишини» алоҳида таъкидламоқда. Агар лицензия берилса, «Роснефт» ва Қозоғистон ўртасидаги 150 млн долларлик ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилиши мумкин.

Хитой Россия нефтини асосан денгиз орқали сотиб олади — кунига 1–1,5 млн баррел атрофида. Аммо АҚШ санкцияларидан кейин Sinopec, PetroChina ва қатор хусусий НҚИЗлар Россия баррелларини қабул қилишдан вақтинча воз кечди. Kpler ҳисоб-китобларига кўра, ноябрда Хитой импорт ҳажми 36 фоизга қисқариб, кунига 926 минг баррелга тушган.

Таҳлилчи Йоҳанес Раубалл санкциялар таҳдиди Хитойнинг кунига 300–400 минг барреллик импортини хавф остига қўйишини айтмоқда. Давлат НҚИЗлари эҳтиёткор бўлса-да, хусусий заводлар арзонлашган барреллар сабаб Россия нефтин яна харид қилишга қайтиши мумкин. Раубаллга кўра, эҳтимол Хитой Россия нефтини тўғридан тўғри эмас, балки воситачи трейдерлар орқали харид қилишни давом эттиради.

Бу орада Россиянинг асосий экспорт навли нефти — Urals’нинг солиқ солишда асос бўладиган ўртача нархи ноябр ойида баррелга 44,87 долларгача тушди. Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги хабарига кўра, бу октябрга нисбатан 16 фоизга кам.

Теглар

Мавзуга оид